Морейра даврида Бразилияга, Тожиев даврида эса Ироққа айланаётган "Пахтакор"

Абдулвосит Бектемиров
30 июл 2026, 16:35
Ироқ терма жамоасига ҳужумчиси Айман Ҳуссайн "Пахтакор" футболчисига айланиши кутилмоқда.

Жорий мавсумда Суперлига олтин медалларига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилаётган "Пахтакор" ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурари Игорь Сергеев клубни тарк этганидан буён ҳужум чизиғида муаммоларга дуч келмоқда. Мавсум бошида клуб ўз тарбияланувчиси Рустам Турдимуродовни "Сурхон"дан ортга қайтарди ва полшалик ҳужумчи Пётр Пажишекни ўз сафига қўшиб олди. Тожиев жамоаси мавсумни иккита ҳужумчи билан бошлаганига қарамай, мавсумнинг дастлабки қисмида марказий ҳужумчи позициясида жиддий муаммоларга дуч келди. Пажишек мавсумни яхши бошлаган бўлса-да, аммо кейинчалик захирада қолиб кетди. Полшалик ҳужумчи дастлаб, "Қизилқум"га қарши кечган мавсумнинг илк учрашувида захирадан майдонда тушиб, рақиб дарвозасини дебют ўйинидаёқ ишғол этди. “Қўқон-1912”га қарши кечган кейинга баҳсда эса 45 дақиқа майдонда ҳаракатланиб, ўз номини таблого ёздириб қўйди.  Лекин шундан сўнг Пажишек умуман гол урмади ва ёзда эса у собиқ жамоаси "КУПС"га қайтиб кетди. Ҳужумчи "Пахтакор" сафида жами 13та учрашувда майдонга тушиб, бор йўғи 2та гол киритди ва ҳар бир голи учун 199 дақиқа сарфлади.

Турдимуродов эса ўзи учун бегона бўлмаган клубга қайтди. Ҳужумчи мавсумнинг биринчи қисмида Суперлига ва Ўзбекистон Кубогида доирасида жами 13та учрашувда иштирок этиб, 5та маротаба рақиб дарвозасига йўл топа олди. Турдимуродов мавсумнинг биринчи қисмида киритган ҳар бир голи учун майдонда 108 дақиқа керак бўлди. Ўтган мавсумда эса Турдимуродов "Андижон" ва "Сурхон" сафида ҳаракатланиб, 35та учрашувда 9та гол урган эди.

Марказий ҳужумчи позициясидаги муаммо туфайли "Пахтакор"нинг кўплаб голлари бошқа позиция эгаларига тўғри келди. "Пахтакор" жорий мавсум Суперлиганинг 14та ўйинида 26та гол киритган бўлса, голларнинг ярмидан кўпи уч нафар футболчи: Достонбек Ҳамдамов(8та гол), Фламарион(5та гол) ва Башар Ресан(3та гол) томонидан киритилган. Соф марказий ҳужумчи ҳисобланган Турдимуродов ва Пажишек жами 5та голга муаллифлик қилишди. Ҳужумчи позициясидаги яққол муаммони жамоа устози Камолиддин Тожиев кўп маротаба гапирди.

"Игорь Сергеев каби ўйинчи топа олмадик. Жорий мавсумда Игорь даражасидаги ҳужумчи жамоамизда йўқ" деб айтиб ўтган эди," - деган эди Тожиев Суперлига доирасидаги учрашувларнинг биридан сўнг.

Шу сабабли "Пахтакор" давом этаётган ёзги трансферлар ойнасида яна ҳужумчи қидира бошлади.

Янги трансфер

Якунда, гап-сўзларга қараганда Ироқ терма жамоаси ҳужумчиси Айман Ҳуссайн эртага Тошкентга учиб келиши ва "Пахтакор" билан шартнома имзолаши керак. Ироқлик манбалар маълумотига кўра, Ҳуссайн "шерлар" билан олти ойлик шартнома тузади ва ушбу муддат давомида 600 минг АҚШ доллари ишлаб олади.

Морейра vs Тожиев

Энди бир қизиқ жиҳатга эътибор қаратсак, 2025 йилги мавсумнинг биринчи қисмида жамоани бошқарган португалиялик Педру Морейра кўплаб бразилиялик ва португалиялик футболчиларни жамоага олиб келган эди. Мисол учун, Морейра даврида бразилиялик Фламарион, Жонатан Лукка, Жонатан Луис(дарвозабон) "Пахтакор" сафига қўшилган эди. Шунингдек, колумбиялик ва фаолиятининг асосий қисмини Португалия клубларида ўтказган Брайан Риаскос. Ироқлик Башар Ресан ҳам 2025 йилги мавсум бошланишидан олдин, яъни Педру Морейра даврида жамоага келиб қўшилган эди. Шундан сўнг ўтган йили ёзда Зайид Таҳсин трансфер қилинди. Энди эса учинчи ироқлик футболчи Айман Ҳуссайн. Морейра даврида "кичик" Бразилияга айланган "Пахтакор", Тожиев даврида "кичик" Ироққа айланди. Морейранинг бразилияликларга бўлган ишончи ўзини оқламади, ҳозирги клубда фақатгина Фламарион қолган. Тожиевнинг Ироқ футболчиларга қилаётган "ставка"си якунда тўғри қарор бўлиб чиқадими ёки йўқ? Морейра даврида португал тилидан таржимон йўллаган клуб, энди араб тили таржимонини ҳам ишга олиши керакдек.

ayman hussein.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф