Эмилиан Карас: "Жоао Феликс ва бошқа ижрочиларга кўп эркинлик бериб қўйдик"

Абдулвосит Бектемиров
3 ноя 2026, 00:41
ОЧЛ Элит 4-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Ал Насср" (2:6) баҳсидан сўнг тошкентликлар устози Эмилиан Карас ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Натижа биз учун ачинарли бўлди. Ўйиндан олдин ҳам камроқ хатога йўл қўйган жамоа ғалаба қозонишини айтгандим. Афсуски, ўз ўйинимиздаги қўпол хатолар шундай оқибатга олиб келди ва рақибга иккита тезкор тўп киритиш имконини берди. Шундан сўнг таваккалга қўл уриб, олдинга интилдик ва рақибга катта бўш майдонлар қолдирдик. Уларнинг тезкор футболчилари бу фурсатлардан унумли фойдаланиб, ҳужумларни тез ривожлантирди. Бу турнирда савия тамомила бошқа: ички чемпионатда бундай хатолар кечирилиши мумкиндир, аммо ОЧЛда "Ал Насср"дек жамоа бизни шафқатсизларча жазолади.

Ҳужумда етарлича вазиятлар яратдик, иккита гол урдик. Бизни қўллаб-қувватлаб, олдинга бошлаган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Бироқ ҳимоядаги жамоавий ўйинда рақибга тақдим этилган "совғалар" якуний натижани белгилаб берди", - дея фикр билдирди Эмилиан Карас.

— "Ал Насср" кучли жамоа, лекин "Пахтакор" ҳам ўз тарихига эга клуб. 2:6 ҳисобидаги мағлубиятни шармандалик деб қабул қиласизми ёки буни ҳазм қилиш мумкинми?

- Менимча, бу ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Тўғри, олтита тўп ўтказиб юбордик, аммо ўзимиз ҳам янада кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Бундай кучли рақибга қарши анча тартибли, ихчам ўйнаш ва бўш ҳудуд қолдирмаслик талаб этиларди. Биз эса Жоау Феликс ва бошқа ижрочиларга жуда кўп эркинлик бериб қўйдик. Улар юқори савияли футболчилар, шу боис бундай пайтда бир-бирини "страховка" қилиш ва сон жиҳатдан устунлик яратиш керак эди. Энди баҳсдан сўнг турлича гапириш мумкин. Бу биз учун муваффақиятсиз ўйин ва омадсиз тажриба бўлди, олдинга ҳаракат қилишда давом этамиз.

— Умуман олганда, "Пахтакор"нинг бугунги режаси рақибдан келиб чиқиб ҳимоявий ўйин кўрсатишмиди ёки ўз майдонида ҳужумкор футбол намойиш этишми? Айнан қайси режалар амалга ошмай қолди?

- Албатта, ўйин учун режамиз бундай кўринишда эмасди. Майдонга ғалаба учун, очиқ ва тажовузкор футбол намойиш этиш, мухлислар кўз ўнгида прессинг қўллаш ниятида чиққандик. Бунинг учун катта зоналарни очишга тўғри келади, аммо рақиб хатоларимиздан унумли фойдаланди. 1-2 дақиқалик интервалда ўтказиб юборилган иккита тезкор тўп барча режаларимизни чиппакка чиқарди. 0:2 ҳисобидан сўнг янада очилишга мажбур бўласиз, бу эса психологик жиҳатдан жуда оғир зарба. Агар битта гол ўтказганимизда ҳам, вазиятни назорат қилган ҳолда режа бўйича давом этиш мумкин бўларди. Аммо иккинчи тўп барчасини ўзгартириб юборди.

— Айман Ҳусайннинг ўйинига қандай баҳо берасиз? Унинг кўрсатган ўйини адаптация билан боғлиқми ёки бошқа сабаб борми?

- Ҳисобдан келиб чиқиб ҳаракат қилишга тўғри келди. Бундай пайтда кўпроқ прессинг қиладиган футболчи керак эди. Айман эса кўпроқ жарима майдони ичида тўп қабул қиладиган ва узатмаларни кутадиган ҳужумчи. Тинимсиз прессинг ва югуриш талаб қилинган бундай вазиятда унга осон бўлмади, бироқ у ўз вазифасини бажаришга, тўп учун курашишга ҳаракат қилди. Кейинги баҳсларда унинг ҳолатини яна кўриб чиқамиз. Ҳозир кимнидир айблаш қийин: хатолар сонини камайтирганимизда, умуман бошқача натижа бўларди.

эмилиано карас ичига.jpeg

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф

Сўнгги янгиликлар

Барча ›