

"Чемпионга қарши кутилган ўйин эди. "Нефтчи" жамоасида ажойиб футболчилар йиғилган. Икки жамоа ҳам очиқ футбол намойиш этишни яхши кўради. Бугунги баҳс мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Дуранг қайд этилиши насиб қилган экан. Яратилган вазиятларимиздан фойдалана олганимизда барчаси бошқача якун топарди, аммо ўйин сўнгида гол ўтказиб юборишимиз ҳам мумкин эди. Мухлислар ёмғирга қарамасдан ўйин сўнгигача стадионда бўлишди ва чиройли ўйин гувоҳи бўлишди", - дея гап бошлади Миржалол Қосимов.
- Биринчи бўлимда ОКМК рақибга умуман ўйин бермади. Иккинчи бўлимда эса "Нефтчи" устунлик қила бошлади. Жамоангиз интенсивликни сақлаб қола олмаётганига нима сабаб бўлди?
- Иштиёқ кучли бўлганда фикрлаш пасаяди. Вазиятларимиз бор эди. Ўйинни назорат қилишимиз кераклигини таъкидлаган эдим. Рақибни тўпсиз қолдириш ва тезкор қарши ҳужумлар орқали ўйнашимиз керак эди. Иштиёқ кучли эди. Дилшод бир вазиятда рақибни алдамасдан, тўпни шеригига узатганида уч нафар футболчимиз уч нафар ҳимоячига қарши вазиятга чиқар эди. Кийиниш хонасида ҳам бу ҳақда айтдим. Кейин эса тўпни йўқотиб, жамоани қийин аҳволга солиб қўйди.
- ОКМКнинг кўпгина голларига вингерлар ёки бошқа позиция ўйинчилари муаллифлик қилмоқда. Ҳужумчиларнинг ўйинидан қанчалик қониқяпсиз?
- Чемпионат оғир ўтмоқда. Курашларга бой. Чемпион билан ўйнайсанми ёки аутсайдер, фарқи йўқ. Маҳоратга ҳам боғлиқ. Маҳоратни ошириш учун эса футболчи ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Яъни ўзини мажбурлаши керак.
- Жаъфар Ирисметов яқиндагина Суперлига клублари ҳужумчилар учун алоҳида мураббий ёллаш таклифини берганди. Ирисметовнинг таклифи ҳақида нима дейсиз? Ҳужумчилар ҳақиқатдан ҳам кам гол уряпти-ку.
- Имконият бўлса, албатта. Ҳар бир чизиқда малакали мутахассис билан ишлаган яхши. Дарвозабон, ҳимоячилар ва ярим ҳимоячилар учун алоҳида. Барчаси маблағга бориб тақалади. Биз ҳам Европага ўхшаб таҳлилчи, нутрициологлар билан ишлашни истаймиз. Россияда бирга ўйнаган дўстларим билан ҳам бу ҳақда гаплашиб тураман. Россияда ҳам бундай ҳолатларга катта эътибор қаратишади. Барчаси молиявий имкониятларга боғлиқ. Биз ҳам хоҳлаймиз.
- ОКМК "Boxing Day"ни эса 3та ғалаба, 3та дуранг ва бир мағлубият билан тугатди. Жамоа ушбу зич тақвимдан қанчалик ўта олди? Ушбу вақт мобайнида неча очкони қўлга киритишни мақсад қилган эдингизлар?
- Бу ҳақда ҳозир гапириб ўтдим-ку. Дастлабки дақиқаларда имкониятларимиз бор эди, сўнгги дақиқаларда эса ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Хулоса ўзингиздан.
- Кеча "Нефтчи" афсонаси Абдусамад Дўрмонов ҳаётдан кўз юмди. Терма жамоа сафида бирга ўйнагансизлар. Дўрмоновдан билан боғлиқ қандай хотиралар қолган?
- Ўйиндан олдин бу ҳақда эшитдим. Кўнглим хира бўлди. Бу яратганинг иродаси. Жойи жаннатдан бўлсин. Яқинларига сабр тилайман. "Пахтакор" ва терма жамоада бирга ўйнаганмиз. Ҳаттоки чивинга озор бермайдиган инсон эди.



