Миржалол Қосимов: "Яхши ҳимоячи бир марта алданади деган гап бор, шундай ўйин орқали тажриба ортиб боради"

Aslanov Jasurbek
11 окт 2026, 21:43
Суперлига 23-туридан ўрин олган ОКМК - "Навбаҳор" учрашувидан сўнг олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўйиндан кейинги иштирок этди.

"Барча кутган ўйин эди. "Навбаҳор"га қарши ўйинлар қизиқарли кечмоқда. Мухлисларга ўйин ёқди деб ўйлайман. Жанговар ва тезкор ўйин гувоҳи бўлдик. Ушбу учрашув тарихга айланди ва энди кейинги ўйинларга тайёргарлик кўришимиз керак. Йил охири яқинлашиб келмоқда, демак интрига янада кўпаяди", - дея гап бошлади Миржалол Қосимов.

- Бугунги ўйиннинг қайси жабҳаларидан қониқдингиз?

- Йигитлар охиригача ўйнашди, нима ҳолат бўлишига қарамай. Мақсадимиз мухлисларни хурсанд қилиш. Камчилик эса уч очкодан маҳрум бўлганимиз бўлди.

- Аброр Каримов умумий олганда яхши ўйнади, аммо ўйин сўнгида иккита пенальти унинг хатоларидан сўнг белгиланди. Каримов ҳақида нима дейсиз?

- Қонун барча учун тенг. Ёш ўйинчи шундай ўйинлар орқали тобланиб боради. Биринчи пенальтида Собиржонов барчасини бартараф этиши мумкин эди. Биргина нотўғри ҳаракат пенальтига олиб келди. Рақиб футболчиси дарвоза томон эмас, ёнга кетаётганди. Каримов рақиб футболчиси билан параллель равишда югуриб қўйса бўларди. Мана шундай вазиятлар орқали тажриба ошиб боради. Тажриба йиллар давомида орттирилади деган гап бор. Агар кейинги учрашувда ҳам яна шу хатони такрорлайдиган бўлса, бу бошқа масала бўлади. Яхши ҳимоячи бир маротаба алданади деган гап бор.

- Ўтган мавсумда ОКМК зўр ўйнаган эди, аммо дарвозабонлар кўп хатога йўл қўйди. Дарвозабонлар эса бу мавсумда анча яхши ўйин намойиш этишмоқда, мисол учун пенальти бартараф этилди. Ҳозир жамоада Денис Иванков дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишламоқда. Балки бу тасодифдир ёки йўқ. Шунингдек, ОКМК статистика бўйича энг яхши ҳужумкор жамоалардан бири, аммо реализация яхши эмас. Сиз футболчилик даврингизда энг яхши ҳужумчилар билан ўйнагансиз...


- Ундай десангиз, сизни ҳар кунги машғулотларимизга чақираман. Машғулотларда нима қилаётганимизни кўрасиз. Биз бунинг устида ишлаяпмиз. Тактика учун очко беришмайди. Етти метрлик дарвозага тўп кирса бўлди, тактика иш берган бўлади. Биз барча жабҳалар устида ишлаяпмиз. Жиззахдаги ўйинда ҳам биринчи бўлимнинг ўзидаёқ иккита яққол вазиятимиз бор эди. Масалан, бугун ҳам стандартдан гол ўтказиб юбордик. Қийин вазият эмас эди, фақатгина ўйинчига эътиборлироқ бўлиш ва уни бироз яхшироқ қўриқлаш керак эди. Сен ўз футболчингга масъул бўл. Тўп ёки яна бир рақиб футболчисига эътибор берма. Ўзингнинг ўйинчинг билан ўйна.

Агар барча вазиятларимиздан фойдаланганимизда чемпион бўлиб кетардик. Ишлашда давом этяпмиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia