

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Рақибни ғалаба билан табриклайман. Ҳар доимгидек жамоамиз ёмон ўйнамади. Рақиб қарши ҳужумлардан унумли фойдаланди.
- Барибир сўрашга мажбурмиз. Бош мураббий Рашид Ғофуров нима учун матбуот анжуманига келмади?
- Озгина ишлари чиқиб қолгани боис ўрниларига мен келдим.
- Бугун биринчи бўлимни жамоа яхши ўтказди ва "Шўртан"га қараганда кўпроқ ҳужум қилди. Тайм охирида гол ҳам урилди. Бу ҳолат футболчилар руҳиятини кўтариши керак эди, лекин иккинчи бўлимда бунинг акси бўлди.
- Бунинг сабаби доим ҳам ўйланган режа амалга ошмас экан. Пешонага ёзилгани бўлади. Режа бўйича биз биринчи голни уришимиз керак эди ва шунга кўра ҳаракат қилдик. Жамоамиз ёмон ўйнамади. Биринчи тайм охирида мақсадга етдик. Иккинчи таймни ўзимиз ҳам бошқача кайфиятда ўтказамиз деб ўйлагандик.
- Озодбек Маърупов қайдномадан жой олмади. Унда жароҳат борми?
- Озодбекда жароҳат йўқ. Сафимизда уч нафар дарвозабон бор ва улар бир-бирлари билан рақобатлашяпти. Ҳар учала дарвозабонга деярли тенг имконият бериб келяпмиз. Ўтказиб юборилган голларда тўлиқ дарвозабон хатоси деб ўйламайман. Бугун жамоа сифатида мағлуб бўлдик.
- "ФарДУ"дан қўшилган Асадбек Зокиржонов захирадан тушяпти, унинг тўлиқ ўйнашга кучи етмайдими?
- Зокиржонов яқинда жароҳатдан тузалиб энди-энди машғулотларга қўшилишни бошлади. У деярли олти ой футбол ўйнамади. Секин-аста ҳаммаси жойига тушиб кетади.
- Бугун "Шўртан" сафида Искандар Шайкулов, Аброр Тошқўзиев каби тажрибали футболчилар ўйнади.
- Менимча, маҳоратли футболчилар бугунги баҳс тақдирини ҳал этишди. Футболда тажриба кўп нарсани англатади.



