Венгер ФИФА президентлигига ўз номзодини қўймаслиги эҳтимоли юқори

14 ноя 2026, 21:05
"Арсенал"нинг собиқ бош мураббийи Арсен Венгер 2027 йил 18 март куни Марокашда бўлиб ўтадиган ФИФА президентлиги сайловларида иштирок этишдан воз кечиши кутилмоқда.

L’Équipe нашрининг хабар беришича, 77 ёшли мутахассис икки ярим ой давомида ташкилотнинг амалдаги раҳбари Жанни Инфантинога қарши ўз номзодини илгари суриш имкониятини жиддий кўриб чиққан.

Венгер ФИФАдаги бошқарув услубларидан норози, бироқ Инфантинони мағлуб этиш имкониятига шубҳа билан қарамоқда. Бундан ташқари, франциялик мутахассис президентлик лавозимини ўзининг асосий фаолият соҳаси бўлган футбол майдонидан анча йироқ, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, Инфантинонинг рақиблари Венгерни энг истиқболли номзодлардан бири сифатида кўришаётган эди. "Арсенал" собиқ устози Европа, Африка ва Осиёда катта обрўга эга, шунингдек, 211 та миллий футбол ассоциацияларининг фаолияти билан яхши таниш. Унинг эҳтимолий номзодини ФИФА ходимларининг бир қисми ҳам қўллаб-қувватлаган.

Венгернинг якуний қарори ҳозирча эълон қилинмаган. Агар франциялик мутахассис сайловларда қатнашишдан бош тортса, Инфантинонинг мухолифлари бошқа номзод излашларига тўғри келади.

Аввалроқ УЕФА ФИФА президентлиги лавозимига муқобил даъвогарни қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини билдирганди. Қайд этиш жоиз, номзодлик аризаларини топшириш муддати 18 ноябрь куни — сайловларга тўрт ой қолганида якунланади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: L’Équipe

Сўнгги янгиликлар

Барча ›