Леау ДР Конго билан 1:1 ҳисоби ҳақида: "Ўзбекистон билан ўйинда бундай хатоларга йўл қўя олмаймиз"

Aslanov Jasurbek
18 июн 2026, 02:28
Португалия терма жамоаси вингери Рафаэл Леау ЖЧ-2026 1-турида Конго ДРга қарши кечган дуранг (1:1) ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Дастлабки 20 дақиқада ўйинни тўлиқ назорат қилдик ва тезда гол урдик. Балки, иккинчи голни имкон қадар тезроқ уриш истаги туфайли ўйин устидан назоратни йўқотдик ва Конго ДР анча хавфлироқ ҳаракат қила бошлади.

У [Роберто Мартинес] бизга оддийроқ ўйнашни, камроқ пас беришни ва олдиндаги ўйинчиларни қулай позицияларда тез-тез излашни айтди, токи улар вазиятларни ҳал қила олсин. Биз танаффусдан кейин ҳам шуни бажаришга уриндик, аммо ДР Конго ҳимояда ишончли ўйнади ва ҳужумларимизни бартараф эта олди.

Биз Португалияни намоянда қилаётганимизни биламиз, аммо доимо рақибларимизни ҳурмат қиламиз. Ўйиннинг бориши шунга олиб келдики, рақиб ҳисобни тенглаштирди. Биз сўнгги хуштакка қадар курашишда давом этдик, аммо омад биз томонда эмасди".

Ўтказиб юборилган гол пайтидаги жамоавий хато ҳақида:

"Эртадан бошлаб биз бунинг устида ишлаймиз. Ишончим комилки, кейинги ўйинда биз бундай хатони такрорлашга йўл қўя олмаймиз, чунки айнан шу хато бизга ғалаба қимматга тушди ва дурангга олиб келди.

Бошни баланд кўтариш керак. Биз барибир бир очко олдик ва бу жуда муҳим. Ўзбекистон билан баҳсда ўйинни узоқроқ вақт назорат қилишимиз, футболчиларимиз майдонда фарқ кўрсата олиши учун шароит яратишимиз ва уч очкони қўлга киритишимиз керак", – деди Леау "SIC"га берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026нинг 2-туридан ўрин олган Португалия - Ўзбекистон баҳси 23 июнь куни 22:00да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: A Bola