Иван Бошкович: "Бунёдкор" ҳар доим қийин вазиятлардан чиқиб кетган, ўзида куч топа олган ва биз Суперлигада қолиш учун охиригача курашамиз"

20 сен 2026, 08:20
Суперлига 22-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Бухоро" (2:1) учрашувидан сўнг тошкентликлар устози Иван Бошкович ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Жуда хурсандман. Узоқ танаффусдан кейин ғалаба қозондик, бу узоқ кутилган ғалаба. Энг муҳими — бугун натижа бўлди. Режалаштирган нарсаларимиз — ўйин режаси ва тактик кўрсатмалар ҳам иш берди, айниқса биринчи бўлимда иккита гол урдик. Рақиблар бизнинг ўйинимизни иккинчи қаватга узун узатмалар ва тўпни олиб қўйиш орқали бузишга ҳаракат қилишди, лекин биз бундай ўйинга тайёр эдик. Иккинчи бўлимда бироз чарчаб қолдик. Ёшлар учун 90 дақиқа давомида бундай интенсивлик даражасини ушлаб туриш жисмоний жиҳатдан жуда қийин бўлди, лекин ўйинни вақтида кучайтира олдик. Захирадан майдонга тушган футболчилар ёрдам беришди ва ўйинни кучайтиришди. 70-дақиқагача рақибда яққол вазиятлар бўлмади, гарчи ҳимояда яккакурашларда таркибимиз ёш бўлгани учун баъзида оқсаб қолган бўлсак ҳам. Лекин бугун йигитлар ўзларининг иродаси ва характерини кўрсатишди ва шунинг эвазига учта жуда муҳим очкони юлиб олишди. Бу биз учун катта туртки, ўзига хос қанот бўлди. Кейинги рақибга яхши кайфият билан тайёргарлик кўрамиз. "Бунёдкор" футбол клуби ҳар доим қийин вазиятлардан чиқиб кетган, ўзида куч топа олган ва биз Суперлигада қолиш учун охиригача курашамиз", - дея гап бошлади Иван Бошкович.

- "Бухоро" Суперлигадаги энг атлетик, жисмоний жиҳатдан энг кучли жамоалардан бири эканини биламиз. Бугун кўзга ташланган нарса — бу сизнинг тўпни қандай назорат қилганингиз эмас, балки ёш йигитларингизнинг ушбу жангчи, бақувват йигитларга қарши яккама-якка тенгма-тенг курашганидир. Ва айнан индивидуал яккакурашларда жуда кўп ғалаба қозонилди. Бунинг сабаби нимада?

- Айтиб ўтганимдек, биз тайёргарлик кўрган эдик ва рақибнинг кучини билардик. Уларда иккинчи қаватда жуда кучли, шунинг учун биз марказда кўп сонли ўйинчилар билан тўпни олиб қўйишга тайёргарлик кўрдик. Ҳа, биринчи бўлимда битта яккакурашни бой берганимиздан кейин гол ўтказиб юбордик, лекин кейинроқ характер ва 5 та алмаштириш орқали ўйинни кучайтириб, ўзимизга кела олдик. Иккинчи бўлимда жисмоний ҳолатимиз оқсайди деб қўрққан эдим, лекин йигитлар яхши вазиятларга тўғри муносабат билдиришди. Статистикага кўра, бизда ютқазилган яккакурашлар кўп, лекин энг муҳим вазиятларда бир-биримизни "страховка" ҳисобига зоналарни ёпишга улгурдик.

- Олдинги ўйинлар ҳақида гапирадиган бўлсак, жамоа яхши ўйнади, лекин вазиятлардан фойдаланишда муаммо бор эди. «Насаф»га йирик ҳисобда ютқаздингиз, "Локомотив" билан 4:1 ҳисобида ўйин бўлди... У ерда 4 та ажойиб зарба ва 4 та гол бўлди, сизда эса кўплаб вазиятлар бўлди, лекин гол ура олмадингизлар. Бугун вазиятлар кам бўлди, лекин ўйин бўйича устунлик қилдингиз. Дарвозабоннинг иккита хатоси бўлди. Футбол айнан бугун "Бунёдкор"га қарзини қайтардими?

- "Бунёдкор"ни яхши кўрадиганларнинг барчаси бугун йиғилишди: академия йигитлари ҳам, футболчилар ҳам, раҳбарият ҳам. Ижобий энергия майдонга кўчади ва шундай муҳит ҳукм сурди. Ўйлайманки, бу бизга ғалаба қозонишга ёрдам берди. Йигитлар ишлашда давом этишлари жуда муҳим. Инсон ишлаб, бор кучи билан меҳнат қилса, Худо унинг ажрини беради. Ўзингиз айтганингиздек, иккита зарбадан ҳам иккита гол бўлди. Йигитларга такрорладим: таслим бўлмаслик керак, охиригача курашиш керак. Биз ҳаммага қарши ўйнай олишга муносиб эканлигимизни исботладик. Олдинги "Локомотив" билан ўйинда ҳам жамоа ҳар қандай рақибга қарши ўйнашга муносиб эканини, фақат вазиятлардан фойдаланишни тўғрилаш кераклигини айтган эдим, бугун буни уддаладик.

- Ҳозирги кунда "Бунёдкор" таркибида Раҳмонов ва Абдужалиловдан ташқари катта ёшли футболчилар умуман йўқ — кўплари ҳатто асосий таркиб билан машғулот ўтказишмаган. Ҳозир бу йигитларни бошқариш қанчалик қийин бўляпти? Бу худди ҳамма ўзини кўрсатишга ҳаракат қиладиган болалар боғчасига ўхшайди.

- Бу бизнинг ишимиз. Улар масъулиятни қанчалик тез англаб етсалар ва уни ўз зиммаларига қанчалик тез олсалар, шунчалик тез ўсадилар. Мураббий сифатида менга ўзидан кўп нарсани талаб қиладиган, ривожланишни хоҳлайдиган ва масъулиятни ўзига оладиган футболчи билан ишлаш қийин эмас. Буларнинг барчаси академиянинг малакали ва ўқитилган футболчиларидир. Куч вақт ўтиши билан келади, улар билан осон ишлашимиз учун малакамиз етарли.

- "Бунёдкор" мавсум давомида ажойиб ўйин кўрсатмоқда, лекин шу билан бирга жамоа ютқазмоқда. Ҳозир лигада шундай ҳолат юз бермоқдаки, академия болалари ва тажрибали футболчиларр билан тенгма-тенг курашмоқда. Наҳотки футбол шунчалик кескин ўзгарган бўлса, ёш йигитлар майдонга тушиб мана шундай жанг қила олса?

- Агар футболчи малакали бўлса, унга жисмоний жиҳатдан кучли бўлиши учун фақат вақт керак. Тактика ва маҳорат эса уларда бор. Биз яхши таҳлил ўтказдик. Яхши футбол — бу фақат тўпни чиройли ошириб ўйнаш эмаслиги устида ишлашимиз керак эди. Яхши футбол — бу ҳимояланишни билиш, рақибга майдонда тўп билан вақт ва макон бермаслик, уни бузишдир. Бугун биз айнан шуни кўрсатдик: тўпсиз ўйин, ҳимоядаги агрессия ва рақибга ўйнашга имкон бермаслик. Бузиш ва яхши ҳимоясиз очко ютиш қийин. Биз болаларга ҳимоядаги ўйинда масъулиятли бўлиш кераклигини ўргатяпмиз.

- Кейинги турда "Пахтакор" учун сюрприз тайёрладингизми? Таркибнинг 90 фоизи яна майдонга тушиб ўйнашга қай даражада тайёр?

- Ҳозирча эрта, кейинги матбуот анжуманида билиб оламиз. Албатта, ҳар қандай рақибга тайёргарлик кўрамиз. "Пахтакор" билан ҳам, худди "Насаф" билан бўлгани каби ўйнаш мумкин. Тартиб-интизом ва режимга риоя қилиш керак, ҳар доим имконият бўлади. Баъзида чиройли ўйнаганлар эмас, бошқалар ғалаба қозониши ҳам мумкин. Прагматик футбол ҳам яхши футбол ҳисобланади. Ўйин энг ёрқин бўлмаганда ҳам очко ютишни билиш кеак ва ёш футболчиларни ҳам бунга ўргатиш лозим.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›