Ислом Исмоилов: "Чемпионлик йўлида ҳар бир йўқотилган очко мағлубиятга тенг"

Aslanov Jasurbek
29 июл 2026, 00:34
Суперлига 14-туридан ўрин олган "Нефтчи" – "Навбаҳор" (1:1) учрашувидан кейин "Нефтчи" бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ҳар учрашувдан олдин футболчиларга бизга қарши жамоалар худди финал ўйинида майдонга тушгандек ҳаракат қилишади деб айтиб келяпмиз. Бугун ҳам шундай бўлди. Охирги дақиқагача максимал ҳаракат қилдик. Шу пайтгача "Навбаҳор" аввалги баҳсларда бугунгидек бор куч билан ҳаракат қилмаганди. Барибир пешқадам ва амалдаги чемпионга қарши ҳамма бор кучини ишга солади. Бунга табиий ҳол сифатида қарайман. Бугун кўплаб вазиятларга эга бўлдик, футболчиларимиз ғалаба учун бор кучларини беришди. Қийин ҳолатдан чиқиб кета олдик ва бунинг учун футболчиларимизга раҳмат. Ўйинни ҳамма турлича талқин қилиши, кимдир бизни танқид қилиши ҳам мумкин, лекин факт шуки, ҳамон турнир жадвалининг биринчи ўрнидамиз. "Пахтакор" билан баҳсни инобатга олмаганда, қолган ўйинларда мағлубиятсиз серияни давом эттиряпмиз. Ишлашда давом этамиз, мавсумни пешқадам сифатида якунлаш учун янаям кўпроқ меҳнат қиламиз.

- Йован Жокичнинг жароҳати ҳақида?
- Ҳа, унда олдинги жароҳат яна қайтадан такрорланди ва яқинда операция жараёнини ўтказади. Шифокорлар операциядан кейинги тикланиш уч ой давом этишини айтишди. Унга соғлик тилаб қоламиз.

- Яқин орадаги режалар қандай? Трансфер борасида ишлар кетяптими?
- Клубимиз бу борада иш олиб боряпти. Токи расман шартнома тузилмагунча янгиларни эълон қилмай турамиз. Элит Осиё чемпионлар Лигасида муносиб иштирок этиш учун таркибни кучайтиришга ҳаракат қиламиз.

- Бугунги натижа мағлубиятга тенг дурангми ёки ғалабага тенг дурангми?
- Албатта, чемпионлик йўлида ҳар бир йўқотилган очко мағлубиятга тенг ҳисобланади. "Навбаҳор" бугун яхши ҳаракат қилди, буни инкор этмайман. Лекин биз ҳам яхши ўйнадик, кўп имкониятлар яратдик. Иккинчи таймда кўпроқ ҳужум қилдик, шундан сўнг рақиб қарши ҳужумларда ўйнади. Буни йўқотилган очко деб айтсам бўлади. Ўткир Юсупов бугун ажойиб ўйинини ўтказди, юз фоизли голларни олиб чиқди. Ғалаба қозонишимиз мумкин эди, лекин омад келмади. Агар мағлубиятга учраганимизда кўрсатган ўйинимизга нисбатан ноҳақлик бўларди.

- "Нефтчи" мухлислари ҳакамларни ҳуштаклар остида кузатиб қўйишди. Сиз бугунги ҳакамликка қандай қарайсиз?
- Мен бу ҳақда ҳозир аниқ бир гап айта олмайман. Биз мураббийлар бошқа ракурсдан ўйинни кўрамиз. Ҳакам эса майдон ичида бўлади ва ўйинни бошқаради. Мен кўпроқ ўз футболчиларим ҳаракатини кузатаман.

- Яқинда ниҳоясига етган Жаҳон чемпионатида қайси мураббийнинг иш фаолиятини кузатиб бордингиз?
- Албатта, Испания терма жамоаси бутун мусобақани жуда яхши ўтказди. Бу жамоа устозининг ишларини кузатиб бордим. Испания термаси бош мураббийи Еврога қараганда бу жаҳон чемпионатида анча яхши жамоани шакллантирибди ва уларни кузатиш ёқимли бўлди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›