

"The Telegraph" маълумотига кўра, ўзгаришлар тарафдорлари турли конфедерациялар қўллаб-қувватлай оладиган ва барчани бирлаштира оладиган номзодни топишни мақсад қилган. Шу билан бирга, фақат Европа вакили бўлган номзоднинг ғалаба қозониш имконияти юқори эмаслиги таъкидланмоқда.
Хабарларга кўра, УЕФАдагилар КОНКАКАФ президенти Виктор Монтальяни юқори баҳоланмоқда. Нашр манбаларидан бири уни кучли лидерлик фазилатларига эга шахс сифатида таърифлаган.
Шунингдек, эҳтимолий номзодлар қаторидан Осиё футбол конфедерацияси президенти шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа ҳам ўрин олган. У 2016 йилги ФИФА президенти сайловида Жанни Инфантинога рақобатчи бўлган, аммо мағлубиятга учраган эди.
Аввалроқ ПСЖ президенти Носир Ал-Хелайфий ФИФА президенти лавозими учун курашиш нияти йўқлигини маълум қилди.
Айни пайтда Жанни Инфантино келаси йил бўлиб ўтадиган сайловда яна бир муддатга ўз номзодини қўйишни режалаштирмоқда. Унга рақобатчи бўладиган номзодлар эса 18 ноябрга қадар расман кўрсатилиши лозим.



