Илҳом Мўминжонов: "Футболчиларимиз кўзи ёнмади"

Aslanov Jasurbek
5 май 2026, 21:34
Пролига 7-турдан ўрин олган "Жайхун" – "Металлург" учрашуви 2:0 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Металлург" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Аввало рақибни ғалаба билан табриклайман. Бугун "Жайхун" ғалабага ҳақли ўйин намойиш этди. Бизнинг эса ўйинимиз қовушмади, 11 метрлик зарбани ҳам амалга ошира олмадик. Жамоамиз тажрибали футболчилардан иборат, урилмаган пенальти қаттиқ таъсир қилди шекилли руҳан бўшашиб қолдик. Кейин қўпол хатолар эвазига гол ўтказдик.

- Салбий натижа қайд этилишига асосий сабаб нима?

- Ҳозир айтиб ўтганимдек, рақибда хоҳиш жуда юқори эди. Футболчиларда батерея қуввати 100 фоиз экан, тинмай югуришди. Мен майдонни ёки бошқа нарсани гапириб баҳона қилмоқчи эмасман. Бизга ғалаба жуда зарур эди, лекин хатолар голга олиб келди. Футболни алдаб бўлмайди, кучли истаксиз ўйинларни ютиб бўлмайди. Футболчиларимиз кўзи ёнмади.

- Қайси ўзгаришлар ўз самарасини берди?

- Захирадан тушганлар ҳам яхши ҳаракат қилишди. Ҳисоб 1:0 пайти учта ўзгариш қилдик, 2:0 бўлгач яна иккита ўзгаришни амалга оширдик. Захирадан тушганлар ҳам ҳаракат қилди. Вазиятлар бўлди, лекин тўп дарвозага кирмади. Ҳавони ёки майдонни баҳона қила олмаймиз. Пролигада шунақа ўйинларни ютиб Суперлигага чиқиш керак.

- Иккинчи таймда жамоангиз фейр плейга амал қилмади.

-Энди мағлубиятга учраб турганда футболчилар асабий бўлади ва бу пайтда фейр плей ҳам эсдан чиқиб кетади. Бу футболда нормал ҳолат. Бундан ваҳима ясаш керак эмас деб ўйлайман. Ҳамма тезроқ гол урсам дейди.

- Жамоа бу мағлубиятдан қандай хулоса чиқаради?

- Ҳозирча кийим алмаштириш хонасида футболчиларга индамадим. Уйга қайтгач ўйинни таҳлил қиламиз. Шу билан Пролигада уч ҳафта танаффус бўлади ва ўз кучимизни Кубокда синаб кўрамиз.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia