Криштиану Роналду: "Кимки меҳнат қилса, Худо унга ёрдам беришига ишонаман"

Оқил Абдубарноев
24 июн 2026, 12:00
Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду жаҳон чемпионати "К" гуруҳи 2-туридан ўрин олган Ўзбекистонга қарши ўйиндан сўнг (5:0) ўз фикрларини билдирди.

– Ажойиб фаолиятингизни якунлаш арафасида Криштиану Роналду ва Лионель Месси ўртасидаги дуэлни кўриш имконияти ҳақида сўрамоқчиман. Иккингиз ўртангиздаги буюк учрашув ҳақида нима дея оласиз?

– Гуруҳдаги ҳолатимиз ва Колумбияга қарши кечадиган қийин ўйин ҳақида гапириш муҳимроқ. Олдинги ҳафта жуда қийин ва оғир ўтди, жамоатчилик бизга, менга ва мураббийга нисбатан жуда қаттиққўл бўлди. Агар доим шундай бўлса, ҳечқиси йўқ, чунки ишлар юришмаса, шундай бўлиши табиий. Лекин жамоадошларим билан юқори ўринларда бораётганимиз яхши ҳолат. Бугун Португалия бешта гол урди, бу осон эмас. Тўғриси, жуда хурсандман. Энди дам олиб, олдинга интилишимиз керак.

– Бошқаларидан фарқли ўлароқ, юлдузлар мусобақаси бўляпти. Месси, Мбаппе, Ҳоланд ўз сўзини айтди, ўзингиз айтганингиздек, фақат Криштиану кўринмаётган эди. Бугун эса Криштиану етиб келганини кўрсатди, Португалия ва Криштиану бугун ўз сўзини айтди.

– Мен доим ўз сўзимни айтаман, эртами-кечми, шу ерда бўламан. Шунинг учун ишлашда давом этиш керак. Қилаётган ишимга жуда ишонаман. Кимки меҳнат қилса, Худо унга ёрдам беришига ишонаман. Фаолиятим доим шундай кечган ва ҳеч нарса ўзгармайди. Жуда хурсандман, чунки мен учун энг асосийси бу – жамоа. Улар билан ва оилаларимиз билан бирдам бўлиш, чунки фақат шунигина назорат қила олишимизни биламиз. Ташқарида айтилаётган гап-сўзларни назорат қила олмаймиз. Яхши ўйнамасак ёки ғалаба қозонмасак, доим танқидга учраймиз, айниқса мен. Лекин олдин айтганимдек, бунга ўрганиб қолганман ва йўлимда давом этаман.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: FIFA