

"ОЧЛ Элит доирасида навбатдаги ўйинимизни ўз майдонимизда Саудия Арабистони чемпионига қарши ўтказамиз. "Ал Наcср" — катта номга ва бутун дунёга танилган машҳур футболчиларга эга жамоа. Улар жуда яхши мураббийга эга ҳамда тезкор, техник жиҳатдан кучли, Европанинг топ-чемпионатларида катта тажриба тўплаган ўйинчилардан ташкил топган. Бу бизни қўрқитмайди, аксинча, янада кучлироқ руҳлантиради.
Бизнинг ўз мақсадларимиз бор. Асосий вазифа — тиғиз тақвим ва парвозлардан сўнг футболчиларни тезроқ тиклаб олиш. Йигитлар эртага майдонга чиқиб, биргаликда сифатли ўйин кўрсатишига ҳамда ижобий натижа қайд этишимизга ишонаман", - дея гап бошлади Эмилиан Карас.
- Криштиану Роналдунинг Тошкентга келмагани футболчиларни руҳий босимдан халос қилиб, хотиржамроқ тайёргарлик кўришга ёрдам бердими?
- Таркибдан қатъи назар, "Ал Насср"да юқори савияли юлдузлар жуда кўп ва уларда Криштианунинг ўрнини боса оладиган ижрочилар етарли. Балки Роналдунинг йўқлиги бизга янада қийинчилик туғдирар, чунки у майдонда бўлганида бутун жамоа унга ўйнайди ва рақибнинг ҳаракатларини ўқиш осонроқ бўлади. Бошқа футболчилар тушганда эса ҳужумни ривожлантириш вариантлари кўпаяди. Шу боис биз учун Роналдусиз "Ал Насср"га қарши ўйнаш қийинроқ бўлиши мумкин. Йигитлар эса халқаро баҳсларга ўз-ўзидан алоҳида кайфият билан тайёрланишади.
- "Пахтакор" ҳар уч кунда майдонга тушмоқда, оғир сафарлар бор. Клубдаги тикланиш, физиотерапия ва тиббий штаб ишини қандай баҳолайсиз?
- Тикланиш масаласига келсак, бизда ҳамма шароит бор, аммо энг асосий етишмаётган нарса — бу вақт. Ҳар учинчи кунда майдонга тушяпмиз ва доимий сафарлардамиз. Агар барча ўйинлар уйда бўлганида, парвозларсиз тикланиш анча енгил кечарди. Биз профессионал клуб сифатида йигитларни жисмоний ва психологик жиҳатдан тиклаш учун қўлимиздан келган барча чораларни кўряпмиз.

- "Ал Насср" сафида Садио Мане ва Жоао Феликс каби маҳоратли ўйинчилар бор. "Пахтакор" эртага фақат ҳимояланмасдан, ҳужумкор футбол кўрсатиши учун қандайдир тактика тайёрландими?
- Биз ўйнаган барча жамоаларда катта маблағ эвазига сотиб олинган сифатли футболчилар бор. Бироқ пул футбол ўйнамайди — майдонга ҳар икки томондан 11 нафардан футболчи тушади. Ғалаба қозониш учун жамоавий тарзда жуда юқори савияли ўйин кўрсатишимиз, ҳар бир чизиқда бир-биримизни "страховка" қилишимиз керак. Биз жамоавий кучимизга таянамиз. Рақиб сафида ким майдонга тушишидан қатъи назар, ўз ўйинимизни намойиш этиб, натижага эришишга ҳаракат қиламиз.
- Ироқдаги "Эйр Форс"га қарши учрашувдан сўнг майдон ҳолатини танқид қилгандингиз. Лекин "Пахтакор" ҳали ОЧЛ Элитада ғалаба қозонгани йўқ. Бу фақат ташқи омиллар билан боғлиқми ёки жамоа ўйинида ҳам камчиликлар борми?
- Ироқдаги майдон ҳақиқатан ҳам даҳшатли аҳволда эди, тўғри, бу иккала жамоа учун ҳам бир хил шароит бўлган. Агар биз биринчи бўлиб гол урганимизда, баҳс умуман бошқача кечарди. Биз кўпроқ тўпни ерда сақлаб ўйнайдиган техник жамоамиз, бундай майдонда эса тўғри чизиқли футболга ўтиш талаб этиларди. Масалан, кейинги баҳсда сунъий қопламали майдонда ўйнаган бўлсак-да, у текис эди ва у ерда бемалол футбол ўйнаш мумкин эди. Мағлубиятлардан биз ҳам хафамиз ва эртанги баҳсда ўзимизни оқлаб, ОЧЛдаги илк ғалабамизни қўлга киритишга бор кучимизни сарфлаймиз.
- Ички чемпионат ва халқаро майдондаги охирги ўйинларда "Пахтакор"нинг ҳужум чизиғида оқсаш кузатилмоқда, гол уришда қийинчиликлар бор. Ҳужумчилардаги бу муаммони бартараф этиш устида қандай иш олиб борилмоқда?
- Ҳозирги тиғиз графикда тўлиқ машғулотлар ўтказишга вақт йўқ, кунимиз фақат тикланиш билан ўтмоқда. Футболда энг қийин иш — бу гол уриш, яъни ҳужумни якунлаш фазаси. Бу юқори маҳорат талаб қилади, шунинг учун ҳам ҳужумчилар дунёда энг қиммат ва қадрли ўйинчилар саналади. Албатта, биз вазиятлар яратиш ва хавфли ҳужумлар уюштириш устида ишлаяпмиз. Ҳар бир ўйинда кўпроқ гол уришни хоҳлаймиз, эртанги учрашувда ҳам мухлисларимиз ва жамоамиз ишончини оқлашга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.




