Элдор Мойлиев: "Афсус, мухлисларимизни хафа қилиб қўйдик"

Aslanov Jasurbek
27 окт 2026, 00:05
Пролига 24-турдан ўрин олган "Лочин" – "ФарДУ" учрашувидан сўнг "Лочин" бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Афсуски, ўзимизнинг хатолар туфайли иккита гол ўтказиб юбордик. Кейин эса ҳисобни тенглаштиришга ўзимизда куч топа олмадик. Қарши ҳужумларда ҳам омадимиз келмади. Янги стадион очилишида ғалаба қозонишни хоҳлагандик, лекин мухлисларимизни хафа қилиб қўйдик. Бунинг учун узр сўрайман.

- Асадбек Самариддинов бугун майдонга тушмади. Бу қанчалик таъсир қилди?
- Асадбек асосий футболчимиз ҳисобланади. У жамоамиз тўпурари ва кўп ёрдам бериб келмоқда. Унинг йўқлиги билинди ва ўрнига тушганлар ўзларини кўрсата олмади.

- Ўтказиб юборилган қайси голдан сўнг сиз тузган режалар ўзгариб кетди?
- Иккинчи голдан кейин. Биринчи голдан сўнг ҳам вазиятни ўзгартирсак бўларди. Афсуски, иккинчи голдан кейин умуман ўзимизга кела олмадик. Ўйинимизда пала-парташлик бошланди. "ФарДУ" қарши ҳужумларда ўйнашини билган ҳолда тайёргарлик кўргандик.

- Майдон ҳолати зўр экан, фақат табло яхши ишламай қолди.

- Бунда техник кичик камчилик кузатилди, кейинги ўйингача муаммо бартараф қилинади.

- "Лочин" ўз пайтида учинчи ўринга кўтарилди, лекин ҳозир 7-ўринга тушиб кетди. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
- Биринчи даврадан кейин етти нафар футболчи бизни тарк этди. Уларга яхши молиявий таклиф бўлгани учун қўйиб юборишни маъқул кўрдик. Жамоага янги қўшилганларнинг жисмоний ҳолати зўр эмасди. Уларни тиклаб олишга анча вақт кетди, натижада кўп очколарни бой бердик. Олдин ҳам айтганман: 21-22 ёшли футболчилар учун "Лочин" иккинчи имконият ҳисобланади. Ким бу имкониятдан фойдаланиб ўзини кўрсатса, юқорига кўтарила олади.

- Улар билан шартнома йил якунига қадар эмасмиди?
- Биз вазиятни тўғри тушунган ҳолда иш олиб бордик. Суперлигадан таклиф тушса-ю, футболчини ушлаб ўтирсангиз яхши бўлмаслиги мумкин. Жамоа тузишдан олдин ҳам шундай гаплашганмиз. Ўйлайманки, келаси йил яна яхши жамоа тузсак бемалол совринли ўринлар учун курашса бўлади.

- Ҳозирги таркиб билан кейинги мавсум совринли ўринлар учун кураша оласизми?
- Баъзи нуқталарга ўйинчилар олиб курашсак бўлади. Фақат яхши тайёргарлик кўришимиз ҳамда клубнинг молиявий ҳолати ҳам шунга монанд бўлиши керак. Бу йил қишки йиғинни унчалик яхши ўтказа олмадик, Жаҳон чемпионати сабаб ўйинлар тез бошланиб кетди.

- Келаси мавсум учун нималарни ўйлаяпсиз?
- Бу борада раҳбарият билан ҳали гаплашганимиз йўқ. Бунга кейинроқ имкон бўлади деб ўйлайман.

- Клуб легионер жалб этишни ўйлаб кўрмаяптими?
- Легионер жалб этиш учун молиявий имкониятимиз у қадар зўр эмас.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia