Илёс Қурбонов: "Иккинчи ўрин учун охиригача курашамиз"

Aslanov Jasurbek
27 окт 2026, 00:09
Пролига 24-турдан ўрин олган "Металлург" – "Ғазалкент" учрашувидан сўнг "Металлург" бош мураббийи Илёс Қурбонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугунги баҳс жуда қизиқарли ўтди. "Ғазалкент" бекорга юқори ўринларда юргани йўқ, жамоа ёш бўлишига қарамай шаклланган. Уларнинг асосий қуроли қарши ҳужум эканини билардик. Кўрган бўлсангиз, биринчи голни ҳам қарши ҳужумда ўтказиб бюбордик. Сўнгра вазиятни тенглаштирдик. Иккинчи голни қўйиб юбордик ва яна ҳисобни тенглаштириб ўйинга қайтдик. Футболчиларимиз кўрсатмаларни яхши бажаришди. Вазиятлар кўп бўлди. Рақиб ҳам яхши ҳаракат қилди. Ютсак ҳам бўларди, лекин тўп дарвозага кирмади. Умуман ўйин жуда чиройли кечди.

- "Металлург" иккинчи ўрин учун курашаётганини ҳисобга олсак, бугун икки очко йўқотди деса бўлади. Эртага "Шўртан" ўйнайди ва ғалаба қозонса яна иккинчи ўринга кўтарилиб олади. Биламизки, иккинчи ўринни қўлга киритган жамоа ўтиш учрашувларини ўзида ўтказади.
- Тўғри, биз ҳали иккинчи ўриндан воз кечганимиз йўқ. Бугун ҳам ғалаба учун майдонга чиққандик. Тўғри айтдингиз, бугун икки очко йўқотдик. Ҳали яна иккита ўйинимиз бор ва охиригача курашамиз.

- Баҳснинг 70-дақиқаларидан кейин рақиб асосан Нажмиддин Нормуродов ўйнаган қанотдан ҳужумлар уюштирди. Натижада Нажмиддин толиқиб қолди. Унга ўринбосар йўқми?
- Темп юқори эди, шу боис фақат Нормуродов эмас, бошқалар ҳам чарчади. Рақиб жамоа ҳам толиқиб қолди. Тўрт нафар футболчимиз жароҳат сабаб бугунги ўйинда иштирок эта олмади, шунинг учун Нажмиддинга охиригача имкон бердик. Азизбек Абдумўминов машғулот пайти жароҳат олди ва шу боис бугунги ўйинни ўтказиб юборди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia