

Грециялик мутахассис Жанубий Кореяга қарши ўйиндан (3:2) кейинги матбуот анжуманида Ўзбекистон билан баҳсда ҳам имкон қадар кўпроқ футболчига ўйин амалиёти беришини маълум қилди.
“Жанубий Кореяга қарши учрашувга 30 нафар футболчини жалб этдик. Мақсадимиз – Осиё кубогига тайёргарлик кўриш ва барча футболчиларга ўз имкониятларини намойиш этиш учун шароит яратиш.
Футболчиларимизнинг жанговар руҳи ва интизомидан мамнунман. Ўзбекистонга қарши ўйинда ҳам худди шу ёндашувдан фойдаланамиз ва имкон қадар кўпроқ футболчини майдонга туширамиз”, – деди Донис.
Шунингдек, мураббий Саудия Арабистони терма жамоасидан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
“Биласизлар, мен очиқ гапирадиган инсонман. Мен оддий мураббий эмасман, ўзимни Саудия Арабистонининг ажралмас қисми деб биламан. Бу мамлакатда кўплаб тажрибалар орттирганман. Истеъфо ҳақидаги миш-мишлар жамоага фойда келтирмайди”, – деди мутахассис.
Донис миллий терма жамоалар мураббийлар штаблари билан ҳамкорликда келажак учун аниқ режа ишлаб чиқиш ва ёш авлод имкониятларидан фойдаланиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони – Ўзбекистон ўртоқлик учрашуви 17 ноябрь куни Доҳада бўлиб ўтади.



