

“Al Bilad” нашрининг хабар беришича, грециялик мутахассис Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказиладиган ўқув-машғулот йиғинига 30 нафар футболчини жалб қилиши мумкин. Бу аввалги йиғиндаги таркибдан 4 нафарга кўп.
9-17 ноябрь кунларига мўлжалланган йиғин доирасида Саудия Арабистони терма жамоаси иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Жамоа 13 ноябрь куни Корея, 17 ноябрда эса Ўзбекистонга қарши майдонга тушади.
Маълумотларга кўра, Донис сўнгги йиғинда Форс кўрфази Кубогида ғолиб чиққан таркибнинг асосий қисмини сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Бироқ айрим футболчиларнинг жароҳати ва жисмоний ҳолати сабабли ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Хусусан, аввалги йиғиндан интизомий сабабларга кўра четлатилган Мусаб Ал Жувайр терма жамоага қайтиши кутилмоқда. Шунингдек, жароҳатидан тикланган жамоа сардори Салим Ал Довсари ва Франциянинг "Ланс" клубида тўп тепаётган Сауд Абдулҳамид ҳам таркибга киритилиши мумкин.
Бироқ дарвозабон Навоф Ал Ақийди жароҳати сабабли йиғинда иштирок эта олмайди. Ал Ҳаммамий ва Ал Ҳажжийнинг ҳолати эса тиббий штаб назоратида қолмоқда. Ҳимоячи Ҳасан Қодиш ҳам узоқ муддатга сафдан чиққан. Унинг ўрнини Али Лажомий эгаллаши мумкин.
Шунингдек, бош мураббий Абдулазиз Ас Сувайлим ва дарвозабон Абдураҳмон Ас Санабий каби футболчиларни ҳам йиғинда синаб кўриши эҳтимолдан холи эмас.
Қайд этилишича, Донис кенгайтирилган таркиб орқали футболчиларнинг имкониятларини баҳолаш ва 2027 йилги Осиё Кубоги олдидан турли тактик вариантларни синовдан ўтказишни мақсад қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 17 ноябрь куни Доҳа шаҳрида бўлиб ўтади. Ундан аввал Фабио Каннаваро шогирдлари 12 ноябрь куни Тошкентда Россия терма жамоасига қарши майдонга тушади.



