"Бунёдкор" клубига ҳукумат томонидан молиявий ёрдам ажратилди

Оқил Абдубарноев
1 авг 2026, 12:50
Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчиси "Бунёдкор" футбол клубига давлат томонидан амалий молиявий кўмак берила бошланди.

Жамоа матбуот хизматининг маълум қилишича, клубни қўллаб-қувватлаш мақсадида 5 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилган.

Ушбу молиявий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 мартдаги "Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-107-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилган. Клуб раҳбарияти мамлакатда футболни ривожлантириш йўлидаги ушбу ислоҳотлар ва эътибор учун давлат раҳбари ҳамда ҳукумат расмийларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Баёнотда алоҳида қайд этилишича, бу хабар орқали жамоанинг ашаддий мухлислари хотиржамликка чақирилган. Ҳозирда "Бунёдкор" футболчилари ва мураббийлар штаби Суперлиганинг навбатдаги тур учрашувларига белгиланган режа асосида, ҳеч қандай тўсиқларсиз тайёргарликни давом эттирмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: "Бунёдкор" матбуот хизмати