Артём Филипосян: "Аввалги Жанубий Корея кучлироқ эди, бугунги ўйинда даражамизни билиб оламиз"

Iskandarov Abdulaziz
6 окт 2026, 12:10
Жанубий Корея билан ўйин анча вақтдан сўнг бўлмоқда.

Шу боис мазкур тўқнашувга футбол жамоатчилигининг эътибори юқори. Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси Артём Филипосян Жану-бий Кореяга қарши ўйин олдидан фикрлари билан ўртоқлашди.

— Терма жамоа бу галги йиғинда 2 та ўйин ўтказди ва таркиб кескин ёшарди. Ҳатто 16 ёшли футболчи ҳам чақирилди, эски футболчиларнинг кўпи йўқ. Умуман, янгиланган таркиб ва шу икки учрашувдан қандай хулоса олдингиз?

— Терма жамоамизнинг Эрон билан ўйинини кўрдим. Йигитлар жуда яхши ўйин кўрсатишди ва ҳар тарафлама ўша куни Эрондан яхши ҳаракат қилиб, рақибдан кучли эдик. Таркибга 16 ёшли ўйинчи чақирилганини ҳаммамиз кўрдик, демак, бош мураббий унинг кучли тарафларини кўрган ва шунга яраша қарор қилган. Эски ўйинчиларнинг чақирилмагани сабабини аниқ билмадим, аммо бош мураббий ўз режаси ва қарорини ўзи билади. Сурия билан ўйинни кўришга вақтим бўлмади, бироқ умумий олганда таркибдаги янгиланишлар ижобий жараён.

— Жанубий Корея билан анчадан бери майдонда тўқнаш келмаган эдик (охирги марта 2018 йилда ўйнаганмиз). Лекин бу вақт ичида бизда кўп нарса ўзгарди. Умуман, ҳозирги кунда Корея билан даражамизни қандай баҳолайсиз?


— Жанубий Корея олдин жуда кучли эди, буни ҳамма яхши билади. Мен ҳам уларга қарши ўйнаганман — улар жуда тезкор, жисмонан бақувват ва ақлли ўйнайдиган жамоа эди. Ўша пайтда кўпчилик футболчилари кучли хориж клубларида тўп сурарди. Агар бугунги Кореяни олдингиси билан солиштирсак, фикримча, аввалгилари кучлироқ эди. Бугунги ўйинимизни кузатиб, уларга нисбатан ўз даражамизни аниқ баҳолаб олсак бўлади.

— Орадаги вақт омили ва биздаги ўзгаришлар бугун майдонда билинадими? Бироқ Корея ва Япония 10 йил олдин ҳам, ҳозир ҳам барқарорликни сақлаб турибди…

— Ҳа, Япония ва Корея Осиёда ҳамиша кучли ҳисобланади. Айниқса, Япония кейинги пайтларда жуда кучли терма жамоага айланди ва барқарорликни ушлаб турибди. Биздаги ўзгаришлар майдонда қандай натижа беришини вақт кўрсатади.

— Ўзингиз майдонда ҳаракат қилган даврда Жанубий Кореяга қарши ўйинлардан ёдингизда нималар қолган? Қандай воқеалар эсда қолган?

— Мен уларга қарши кўп бор ўйнаганман. Ўшанда уларнинг эътиборни тортадиган жиҳатлари кўп эди: биринчи навбатда юқори тезлик, жисмоний тайёргарлик ва майдонда жуда тез қарор қабул қилишлари ҳануз ёдимда. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон терма жамоасига бугунги ўйинда омад тилайман. Илоҳо, ғалаба қозониш насиб қилсин!

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›