

Баҳсдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Фарҳод Нишонов фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин ҳақида
- Муҳим 3 очкони қўлга киритдик. Йигитларга раҳмат, айтилган вазифани яхши бажаришга ҳаракат қилишди. Хато-камчиликларимиз бўлди, лекин охирги дақиқагача курашдик. Ўзимиз учун муҳим очкога эга бўлдик.
- Ўйин охирида жамоа ҳисобда олдинда бораётган бўлса ҳам, яна ҳужумга борди. Қарши ҳужумда гол ўтказиб юборишдан қўрқмадингизми?
- Таркибимизда тезкор ўйинчилар бор. Уларлан охиригача футбол ўйнашларини талаб қиламиз. Ҳимоячи тушириш варианти ҳам бор эди, лекин ҳужумчи туширишга қарор қилдик. Бу ўйинда қароримиз тўғрилигини исботлади, чунки охирида гол урадиган вазиятга чиқиб бордик. Агар фойдаланганимизда, хотиржам тугатишимиз мумкин эди. Бу нормал ҳолат, футболчилар билан таваккал қилиб туриш керак.
- "Олимпик-MobiUz"да Суперлигага чиқиш имкониятлари пайдо бўлди. Сўнгги икки турдан олдин қандай фикрдасиз?
- Имкониятимиз ўзимизнинг қўлимизда турибди. Ўзи мавсумнинг бошида очко йўқотдик, кейин ўртада ўша узоқ ФИФА куни бўлганда кўп очко йўқотдик. Бу ФИФА кунларида терма жамоа билан кўп бўлдим, клубда бўла олмадим. Клубнинг ўйинчилари ҳам терма жамоада бўлиб, мусобақаларда қатнашди. Бу ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Агар шу очколарни йўқотмаганимизда, ҳозир хотиржам Суперлигага чиқиш ҳақида гапираётган бўлардик. Лекин Худога шукур, имконият қўлимизда турибди. Агар қолган ўйинларда ҳам ютиб, ўтиш ўйинларида қатнашиш имконини қўлга киритсак, Суперлига жамоалари билан Кубокдаги сингари тенгма-тенг, қўрқмай футбол ўйнаймиз. Бу футболчиларимиз учун ҳам жуда катта имконият деб ўйлайман.
- Ғалаба сари етаклаган Далер Тухсанов ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Бу футболчи 1 йил аввал катта клублар нишони остида эди. Бугун айнан унинг голи эвазига ютдингиз...
- Иқтидорли ўйинчи, бунга шубҳа қилмаймиз, лекин ўртада озгина муаммолар юзага келди. Иккинчи даврада ўйин амалиёти камлиги учун "Нефтчи"дан келиб қўшилди. Биз терма жамоа ўйинчиларига қарашимиз керак, шунинг учун клуб очилган. Жароҳат олди, жароҳатдан энди чиқди, секин-секин формага кириб боряпти. Ҳали барқарор ўйин кўрсата олмаяпти, сабаби барибир жисмоний ҳолат, барибир ярим йил ўйин амалиёти бўлмаган, жароҳат таъсири сезилмоқда. Бугун ўзига берилган имкониятдан максимал фойдаланиб, жамоамизга 3 очко олиб берди.



