Амир Тўрақулов: "Плей-оффни ўйлаётганимиз йўқ, ўз кучимизга ишонамиз"

Iskandarov Abdulaziz
29 окт 2026, 16:25
Жорий мавсум "Бунёдкор" клуби учун мураккаб ва синовли кечмоқда.

Сўнгги ўйинларда "қалдирғочлар" муҳим очколарни қўлга киритиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу борада жамоа етакчиларидан бири Амир Тўрақуловнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Мавсум жамоа учун жуда оғир кечмоқда. Айтинг-чи, стартдаги яхши натижалардан кейин юзага келган бундай кескин ўзгаришлар, охирги ўйинлардан сўнг кайфият қандай?

— Ҳа, тўғри, мавсум биз учун осон кечмаяпти. Мавсум бошида яхши натижаларга эришдик, юқори ўринларда ҳам бўлдик. Афсуски, кейинчалик вазият ўзгарди. Лекин футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Ҳозир энг муҳими — бирдамликни сақлаб қолиш, ҳар бир ўйинга финалдек қараш ва жамоа билан олдимизга қўйилган вазифани бажариш. "Бунёдкор" катта тарихга эга клуб, шунинг учун Суперлигада қолиш учун бор кучимиз билан охиригача курашамиз.

— Майдондаги турли позицияларда ҳаракат қиляпсиз. Ўйинни ташкил қилишда асосий фигура бўляпсиз...

— Албатта, бу ерда мураббийларнинг ишончи катта аҳамиятга эга. Майдонда қайси позицияда ўйнамай, жамоага фойда келтиришга ҳаракат қиламан. Ўйинни ташкил қилиш ва ҳужумларни ривожлантириш — менинг вазифаларимдан бири. Мураббийлар ишонч билдирса, бу футболчига қўшимча масъулият ва мотивация беради. Мен ҳам шу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

— Мутахассислар билан ишлаш жараёнида орттирилган тажриба фаолиятингизда қандай ўрин тутади? Хусусан, Илёс Зейтуллаевдан қандай муҳим сабоқларни олдингиз?

— Илёс Зейтуллаевдан кўп нарса ўргандим. Энг катта сабоқлардан бири — интизом, меҳнат ва доимий равишда ўз устида ишлаш қанчалик муҳимлигини тушуниш бўлди. Шунингдек, у киши натижалар ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар, камтар бўлиб қолишни ҳам ўргатди. Футболда фақат иқтидорнинг ўзи етарли эмас, балки ўз ишига тўғри муносабатда бўлиш, атрофдагиларни ҳурмат қилиш ва доимо ривожланишга интилиш ҳам муҳим. У киши билан ишлаш мен учун яхши тажриба бўлди ва ҳозир ҳам олган сабоқларимни фаолиятимда қўллашга ҳаракат қиламан.

— "Бунёдкор"нинг айни пайтда эгаллаб турган ўрнидан келиб чиқсак, айни пайтда Пролигага ҳам эътибор қаратяпсизларми?

— Ростини айтсам, Пролига жамоаларини кузатмаяпман, чунки бутун эътиборимиз ҳозир ўз ўйинларимизга қаратилган. Клуб ва мухлислар олдида қандай масъулият турганини яхши тушунамиз. Бизнинг мақсадимиз — плей-оффсиз, тўғридан-тўғри Суперлигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш. Бунинг учун бор кучимизни ишга соламиз. Ўз кучимизга ишонамиз ва мавсумни муносиб тарзда якунлаш учун охиригача курашамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›