

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?
– Ўйинга келадиган бўлсак, айнан шундай баҳс бўлишини кутган эдик. Битта хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Рақиб томондан бошқа хавфли вазиятларни кўрмадим. Тўғри, қизил карточка ўйинга таъсир қилгандир, аммо ўн киши бўлиб қолган вақтларида ҳам ҳеч қандай хавф туғдира олишмади, фақат ҳаволатиб тўп узатиш билан чекланишди. Биз ўйинни тўлиқ назорат қилдик, аммо ҳужумда бироз тажриба етишмади. Нима ҳам қилардик, бунинг устида ишлаймиз. Асосий мақсадимиз – фақат ўз устимизда ишлаш ва футболчиларни ривожлантириш.
– Майдон иссиқлик қилмадими?
– Йўқ, мен бундай важларни ёқтирмайман. Ҳакам, майдон ҳолати ёки об-ҳаво – булар баҳона бўлмаслиги керак. Ҳар қандай об-ҳаво ва ҳар қандай шароитда ўйнаш лозим. Профессионал футболчи майдон сунъий, табиий ёки ҳатто сифатсиз бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай жойда ўйнай олиши шарт.
– 16-дақиқада урилган голни тезкор деса бўладими ва бу сизнинг тактик режаларингизга қанчалик таъсир қилди?
– Эътибор қилсангиз, кетма-кет учта ўйиндан бери баҳс бошида дарров гол ўтказиб юборяпмиз. Бу энди психология билан боғлиқ ҳолат. Йигитларда диққатни жамлаш етишмаяпти. Тўпни назорат қилдик, лекин, таъкидлаганимдек, барибир ҳужумда тажриба камлик қилди.
– Дарвозабонингиз 18 ёшда экан. Унда ёшлик ва тажрибасизлик сезилмаяптими?
– Ёшлик қиляпти, лекин бизнинг асосий мақсадимиз – футболчиларни ривожлантириш ва ёш иқтидорларни кашф қилиш. Уларни терма жамоаларга ёки ўзимизнинг асосий жамоамизга етказиб беришимиз керак. Мана, яқинда тўрт нафар ўйинчимизни "Арал" ўз таркибига қўшиб олди, яна бири эса "Олимпик-Мобиуз" жамоасига ўтди. Вазифамиз – кучли футболчиларни етиштириб чиқариш.
– Кўп жамоалар молиявий қийинчиликлар ҳақида гапирмоқда. Сизнинг жамоангизда бу ҳолат қандай?
– Худога шукур, бизда молиявий томондан умуман муаммо йўқ. Қарздорлик мавжуд эмас, маошлар ўз вақтида тўланмоқда. Ғалабалар учун мукофот пуллари ҳам белгиланган. Ўзимизнинг давлат университетимиз томонидан яхши шароитлар аъло даражада.
– Тушунарли. Демак, ғалабалар учун премиялар ҳам бор. Энди транспорт ҳақида сўрамоқчи эдим. Вилоятларга қандай транспортда боряпсизлар ва бу қанчалик вақт ва куч талаб қилмоқда?
– Биз Тошкентгача поездда келамиз. Поезд қатнови мавжуд бўлган барча манзилларга шу транспортда борамиз. Масалан, Қашқадарёга поезд йўқлиги сабабли бошқа транспортда келдик. Умуман олганда, 30 соатдан ортиқ йўл босган бўлсак-да, кеча вақтида етиб келиб, етарлича дам олдик. Автобусда ҳам 10 соатлаб йўл юрган пайтларимиз бўлади. Биз бундай сафарларга руҳан ўрганиб қолганмиз ва меҳмонда ҳам ғалаба қозониб қайтяпмиз. Биз учун масофа узоқлиги муаммо эмас.


