

"Ўйин енгил ўтмаслигини билган эдик. Бугун ютуқ ёки камида очко олишимиз керак эди. Бу кубокдаги юришимизни давом эттириш имконини берарди. Шунга яраша ўйинга тайёргарлик кўрдик. Бу — футбол, кимдир ютади, ютқазади. Биз натижа учун ўйнашга ҳаракат қилдик. "Пахтакор"га омад тилайман, таркибида яхши футболчилар бор", — дейди Анвар Ғофуров.
— "Сурхон" Суперлигада катта жамоалардан очко олишга муваффақ бўлди. Жамоанинг кубокдаги режалари қандай?
— Мен учун мусобақанинг аҳамияти йўқ. Жамоам ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишини истайман.
— Майдон чими сабаб ўйин Тошкентга кўчирилди. Ваҳоланки, майдон топширилганига кўп бўлгани йўқ. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
— Бу борада кўп гапириш мумкин. Лекин шундай қарорга келинди. Майдонимизга ўзимиздан бошқа ҳеч ким меҳр бермайди. Бу вақтдан фойдаланиб келажак учун майдонни яхши ҳолатга келтириб оламиз.
— Потапов ва Хожаниёзовнинг жамоадан кетганига аниқлик кирита оласизми?
— Улар ўз хоҳиши билан клубни тарк этди. Бунинг ўзларининг сабаблари бор. Мен билмайман ва менга қизиқ эмас. Худо хоҳласа жамоада муаммо йўқ. Биз ўз ишимизни давом эттиришимиз керак. Жамоада етарлича футболчи бор. Улар бекордан-бекорга бу ерда эмас. Ротацияга ҳам имконимиз бор.
— Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Ўйин ёпиқ ўтди. Фабио Каннаваро билан куч синашиш қандай бўлди?
— Улар ҳам ўз режаларини амалга ошираётгани кўринди. Балки ўзлари истаган ўйин бўлмагандир. Тўғри тушуниш керак, Ўзбекистоннинг энг яхши футболчилари жамланган. Ҳар бир футболчи ўртоқлик учрашувида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Улар Жаҳон чемпионатида ўйнашни истайди. Ўзини кўрсатмаса, мундиалга бормайди. Кеча "Нефтчи"га ҳам осон бўлгани йўқ.
— Чинедуни етакчи клубларга қарши ўйинларда захирада қолдиряпсиз. Бу нима билан боғлиқ?
— Қайсидир паллада бу ҳам бир режа. Қачондир бу режа ўхшайди ёки йўқ. Ўтган ўйинда Фаррух Қодиров яхши ўйин кўрсатди. Ҳар бир футболчи учун чин дилдан хурсанд бўламан. Бизнинг ишимиз ёрдам бериш ва кучли қилиш.
— Футболчилик пайтингизда "Бунёдкор"да Ривалдо билан ўйнагансиз. Ҳозирда клуб ҳомийсиз қолган ва қийин аҳволда. Сизнинг муносабатингиз қандай?
— Жамоани ўзига яраша қарзи бор. Ривалдони тарафини олмоқчи эмасман. Лекин шунча вақт кутди. Мен "Бунёдкор"га омад тилайман. Иложи борича тезроқ муаммони ҳал қилиб, эътиборини футболга қаратишини тилайман.



