Нақд 9 та сэйв қилган дарвозабон, 55 ёшли мутахассис — Суперлигада 11-тур лауреатлари

Sherzod Nurmatov
5 май 2026, 17:30
Championat.asia сайти Ўзбекистон Суперлигаси 11-турининг энг яхшиларини аниқлади.

11-турнинг энг яхши дарвозабони — Жавоҳир Илёсов (ОКМК)

ОКМК ўтган турда “Нефтчи” билан баҳс юритиб, 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Баҳс муросасиз тарзда давом этди ва олмалиқликлар фарғоналикларнинг кескин ҳужумларига дош бера олди ва гол ўтказиб юбормади. Бунда албатта дарвозабон Жавоҳир Илёсов катта роль ўйнади. У ўйин мобайнида нақд 9 та(!) сэйв намойиш этди ва жамоасини голдан қутқарди. Шундай қилиб, Championat.asia сайти ижодкорлари айнан уни тур дарвозабони деб топди.

darvozabon (7).png

11-турнинг энг яхши мураббийи — Андрей Шипилов (“Қўқон-1912”)

“Қўқон-1912” якунига етган турда “Бунёдкор”ни меҳмон қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, қўқонликлар голни бир киши кам бўлиб ўйнаётган чоғида урди. Ўйинга жамоасини яхши тайёрлаган ва сўнгги сонияларгача ғалаба учун курашган жамоа устози Андрей Шипилов тур мураббийи сифатида эътироф этилди.

murabbiy (6).png

11-турнинг энг яхши футболчиси — Жавоҳир Илёсов (ОКМК)

Юқорида таъкидланганидек, Жавоҳир Илёсовнинг ҳаракатлари туфайли ОКМК ўз майдонида “Нефтчи”га муносиб қаршилик кўрсатиб, дуранг ўйнади. У бежиз SofaScore томонидан 9,8 баллга лойиқ кўрилмади. 32 ёшли посбон ҳар тарафлама мукаммал ўйин намойиш этди ва тур футболчиси номига ҳам лойиқ бўлди.

futbolchi (6).png

11-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Роман Хаджиев (“Машъал”)

“Машъал” бу турда “Динамо” билан рўбарў келиб, “Динамо”дан енгилди (1:3). Муборакликларнинг ягона голини Роман Хаджиев урди. Ҳимоячининг чап оёқда олис масофадан йўллаган зарбаси олдида дарвозабон шунчаки ожиз қолди. Мазкур гол муаллифи ходимлар ўртасидаги сўровнома орқали энг чиройли гол муаллифига айланди.

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши деганларидек, қуйида голни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

gol (6).png


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia