Андрей Шипилов: "Футболчи кўп гапиришни бошладими – тамом, хайр! Менга ўз нонини оқлашни хоҳлайдиганлар керак"

9 ноя 2026, 10:48
Суперлиганинг 27-туридан ўрин олган "Пахтакор" – "Қўқон-1912" (3:1) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақидаги фикрларингиз қандай?

– Ўйиннинг бошланиши биз хоҳлагандек чиқмади. Жуда тезкор голлар ўтказиб юбордик. Ваҳоланки, ушбу ўйинга тайёргарлик босқичи давомида ва кийиниш хонасида йигитларга шундай деган эдим: "Йигитлар, диққат қилинглар, ўйиннинг бошланиши тезкор кечади, майдон нам, майдонда тўп тез ҳаракатланади". "Пахтакор" тезкор ўйнашга ва юқори прессинг қўллашга ҳаракат қилади. Мен уларни огоҳлантирдим, бу ерда ҳеч қандай мураккаб нарса йўқлигини, шунчаки ўз позициясини йўқотмаслик кераклигини таъкидладим. Аммо иккита гол ўтказиб юбордик. Худога шукурки, бу вазиятдан чиқиб кета олдик, вазиятни ўнгладик, бу нокдаун, яъни нокаут ҳолатидан сўнг ўзимизга келдик. Иккинчи бўлимни ўзингиз кўрдингиз, биз муносиб ҳаракат қилдик ва чиройли гол урдик. Аммо ўзимизнинг аутдан сўнг белгиланган бу тушунарсиз пенальти... Йигитларга айтгандимки, кичик деталлар ҳам барча нарсага жуда катта таъсир қилади. Мен аутдан тўпни ўйинга киритиб, яна ўз жарима майдончамизгача олиб келиб, пенальти ишлаб олиш ва 3:1 ҳисобида ютқазиб, хайрлашиш қандай бўлишини билмайман ва тушунмайман.

– Иккинчи бўлимда марказий ҳимоячингиз жароҳат олди ва сиз унинг ўрнига таянч ярим ҳимоячисини майдонга туширдингиз. Таянч ярим ҳимоячиси эса марказий ҳимоячи сифатида ўйнади. Ваҳоланки, захирада иккита марказий ҳимоячи бор эди. Нима учун бундай қарорга келдингиз?

– Буни фақатгина жамоа билан 24 соат бирга бўладиган мураббий тушуниши мумкин. Унинг ҳис-туйғуларини, қарашларини ва кўзларини – фақат назарий машғулотларда, тренажёр залида ва майдонда доимий равишда бирга бўладиган мураббийгина ҳис қила олади. Фақат угина тушунади. Масалан, трибунада ўтирган ёки ўйинни телевизор орқали томоша қилаётган одам буни ҳеч қачон тушунмайди, асло тушуниб етмайди. Менга ҳозир одамларнинг кўзларидаги шижоат, уларнинг энергияси керак. Мен яхши, ижобий энергияга эга бўлган, ўзини майдонда тўлиқ бағишлайдиган ва ўз нонини оқлашни хоҳлаётганини кўриб турганим – ана шундай инсонлар билан ишлайман. Мен ҳар бир футболчига имконият беряпман. Ортиқча гапирмоқчи эмасман, нолимоқчи ҳам эмасман. Майдонда жонини бериб ўйнашни хоҳлайдиган, клуб ғояси, натижа ва ўзаро муносабатлар учун қайғурадиган одамларгина майдонга тушади. Мен ҳаммага етарлича вақт бердим. Ҳеч кимни ялиниб, кўндириш ниятим йўқ. Шунинг учун, ўзим синовдан ўтган деб ҳисоблаган футболчиларимга ишонч билдираман.

Мураббийлик ҳаёти шундай. Буни фақатгина жамоани шуғуллантирадиган инсон тушунади. Буни ҳатто футболчилар ҳам тушунишмайди. Мен футболчиларга ҳам шундай деганман: агар футболчи кўп гапиришни бошласа, тамом, "ауфвидерзейн", хайр! Бу қонун. Менинг давримда ҳам шундай эди: агар футболчи мураббийга ақл ўргатишни, кўп гапиришни бошласа ёки мураббийнинг айтганларини бажармаса, у билан хайрлашишарди. Бироқ менда бундай шароитлар йўқ.

Бердиев шундай дерди: "Мен бир марта айтаман – агар бажармаса, хайр". Лекин бу Бердиевнинг даражаси. Мени ҳам худди шундай ўқитишган. Болалар мураббийим нима деса, катталар мураббийим нима деса, мен ўшани бажарардим. Мен мана шу қоидаларга амал қиламан.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›