"Ал-Садд" Фарғонадан қуруқ қайтган эди: "Нефтчи"нинг ОЧЛдаги энг сўнгги ёрқин саҳифаси қандай ёзилганди?

Iskandarov Abdulaziz
14 сен 2026, 15:30
Бугун фарғоналиклар учун катта футбол байрами — "Нефтчи" клублар миқёсида Осиёнинг энг нуфузли мусобақасида ўз юришини бошлайди. Рақиб — Ироқнинг "Эйр-Форс" клуби.

Мазкур учрашув жамоа учун ҳақиқий тарихий аҳамиятга эга. Сабаби, фарғоналиклар нақ 19 йиллик танаффусдан сўнг қитъанинг бош клублар турнирига қайтди. "Нефтчи" охирги марта 2007 йилда ОЧЛда иштирок этган бўлиб, шундан сўнг йиллар давомида асосан иккинчи даражали ҳисобланган ОФК Кубогида ҳаракат қилган эди.

Муросасиз давр формати ва гуруҳ ҳақида

Ўша вақтларда ОЧЛ регламенти ҳозиргидан кескин фарқ қиларди: гуруҳдан фақатгина биринчи ўринни эгаллаган ягона жамоа кейинги босқичга йўл оларди. Ҳатто мамлакат гегемони ҳисобланган "Пахтакор" ҳам кучли рақобат ва шу қатъий формат қурбони бўлиб, кетма-кет бир неча бор гуруҳда қолиб кетгани бунинг яққол исноти эди.

Қолаверса, ўша даврдаги сафар ўйинларидаги логистика, узоқ парвозлар ва рақиб майдонларидаги босим ҳисобга олинса, жамоанинг ўшанда тўплаган 10 очкоси чинакам қаҳрамонликка тенг эди.

2007 йилги мавсумда "Нефтчи" "С" гуруҳида "Ал-Нажаф" (Ироқ), "Ал-Карама" (Сурия) ва "Ал-Садд" (Қатар) каби жиддий рақиблар билан кураш олиб борганди. Илк турдаёқ Ироққа сафар қилган фарғоналиклар Акмал Холматовнинг голи эвазига минимал 1:0 ҳисобида зафар қучиб, уйга 3 очко билан қайтишган эди.

photo_2026-09-14_13-42-05.jpg

Иккинчи турда эса Фарғона Наврўз байрамини нишонлаётган куни Суриянинг "Ал-Карама" клуби қабул қилинди. Ўша йиллари Фарғонадаги "Истиқлол" стадионига нафақат водийдан, балки республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам минглаб мухлислар келар, трибуналар ҳеч қачон бўш қолмасди. Мухлисларнинг шиддатли қўллаб-қувватлаши остида Осиё клублари учун Фарғонада ўйнаш чинакам синовга айланганди. Минглаб мухлислар кўз ўнгида Анвар Бердиев ва Носир Отақўзиев ўз номига гол ёздириб, жамоага 2:1 ҳисобидаги муҳим ғалабани тақдим этди.

gettyimages-52673450-2048x2048.jpg

Учинчи турда Доҳага сафар қилган "Нефтчи" "Ал-Садд"га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўша пайтда қатарликлар сафида Осиёнинг энг яхши футболчиси Халфан Иброҳим тўп сурар ва ҳисобни ҳам айнан у очганди.


Фарғонадаги шиддат ва Саркисяннинг ишончи


Икки давра доирасидаги жавоб ўйинида "Ал-Садд" Фарғонага ташриф буюрди. Ўша пайтда Қатар клуби таркибида йўқотишлар талайгина эди. Ўйин олдидан "Нефтчи" бош мураббийи Юрий Саркисян ўз фикрларини яшириб ўтирмаганди:

"Биз гуруҳда етакчиликни давом эттириш учун бу ўйинда ғалаба қозонишга умид қиламиз. Қолган учта ўйинимиздан иккитасини уйда ўтказамиз ва агар иккаласида ҳам ғалаба қозонсак, чорак финалга йўлланма олишимиз мумкин", — деган эди тажрибали мутахассис. Шу билан бирга, у бу гуруҳни турнирдаги энг мураккаб квартетлардан бири деб атаганди.

Ўз навбатида, рақиб устози — уругвайлик таниқли мураббий Хорхе Фосатти жамоадаги кадрлар муаммосидан нолиб ўтган эди:

"Ҳар бир жамоа жароҳатлардан азият чекади, аммо "Ал-Садд" билан содир бўлаётган воқеалар илгари ҳеч қачон бўлмаган. Халфан Иброҳим, Иброҳим Абдулмагед ва Юсеф Али жароҳат олган, Фелипе Хор эса дисквалификация қилинган. Қолаверса, "Нефтчи" майдонининг ҳолати яхши эмас ва инжиқ майдон тўпni аниқ узатишни қийинлаштириши мумкин, шунинг учун бизга махсус тактика керак",деганди Фосатти.

gettyimages-77332421-2048x2048.jpg

Драматик ечим ва афсус


Фарғонадаги ўйин мезбонларнинг ҳужумлари билан бошланди. Ҳали 1-дақиқадаёқ Иқболжон Акрамов тезкор гол уриб, ҳисобни очди. Тўғри, 17-дақиқада Эмерсон мувозанатни тиклади, бироқ Насим Шоимовнинг голи "Нефтчи"га муҳим ғалабани келтирди.
Шундан сўнг фарғоналиклар гуруҳдан чиқиш учун қулай имкониятга эга бўлишганди. Бироқ сўнгги икки учрашувдаги омадсизлик — ўз майдонида "Ал-Нажаф" билан дуранг ва Суриядаги сўнгги тур баҳси ҳаммасини ўзгартириб юборди. "Ал-Карама"га қарши ҳал қилувчи ўйин олдидан "Нефтчи" 10 очко билан биринчи, сурияликлар эса 8 очко билан таъқиб қилиб турганди. Сафарда ҳатто дуранг ҳам кейинги босқичга олиб чиқувчи эди, аммо "Ал-Карама" ўз уйида 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, пешқадамликни тортиб олди.

gettyimages-143334476-2048x2048.jpg

Ўша даврда порлаган Анвар Бердиев, Акмал Холматов, Носир Отақўзиев ва Иқболжон Акрамов каби етакчилар ўзбек футболи тарихида ўз номини муҳрлаб қолдиришганди. Орадан йиллар ўтиб, тарих янгидан бошланмоқда. Мухлислар энди янги авлод вакилларидан ҳам худди ўша шиддат, матонат ва ғалабага бўлган иштиёқни кутиб қолмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia