"Трактор" ОФКни "Нефтчи"га қарши ўйинда иштирок этмаслик билан огоҳлантирди

Оқил Абдубарноев
30 окт 2026, 12:36
Эроннинг "Трактор" клуби Элит Осиё Чемпионлар Лигаси турнири 4-туридан ўрин олган "Нефтчи"га қарши учрашувда иштирок этмаслиги мумкин.

ISNA ахборот агентлиги хабар беришича, Табриз клуби Ўмонга учиш учун рухсатнома олишда муаммога дуч келган. Жамоага ушбу мамлакатга тўғридан-тўғри ёки бошқа давлат орқали авиақатновни амалга ошириш учун рухсат берилмаган.

Шу муносабат билан "Трактор" раҳбарияти Осиё футбол конфедерациясига расмий хат юборган. Унда парвоз учун зарур рухсатнома тақдим этилмаса, жамоа "Нефтчи"га қарши учрашувда иштирок этмаслиги маълум қилинган.

Tasnim ахборот агентлигига кўра, "Трактор" аввал ҳам Ўмонга сафар қилишда қийинчиликларга дуч келган. Жамоа Қатарнинг "Аш Шамал" клубига қарши учрашув олдидан Ироқ ва Туркия орқали узоқ йўл босиб, Ўмонга етиб боришга мажбур бўлган.

"Трактор" бош мураббийи Жавод Некунам аввалроқ жамоа яна шундай мураккаб сафарга дуч келса, Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири учрашувига ёшлар таркибини юбориши мумкинлигини билдирган эди.

Айни пайтда "Трактор"нинг "Нефтчи"га қарши учрашувдаги иштироки билан боғлиқ вазият ноаниқлигича қолмоқда. ОФК томонидан баҳсни қолдириш ёки бекор қилиш ҳақида расмий қарор эълон қилинмаган.

Маълумот учун, "Трактор" ва "Нефтчи" ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 4-тур учрашуви 2 ноябрь куни Уммон пойтахти Маскатдаги "Султон Қобус" спорт мажмуасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Баҳс Тошкент вақти билан соат 20:00 да бошланиши белгиланган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: ISNA

Сўнгги янгиликлар

Барча ›