

Arriyadiyah нашри хабар беришича, жамоа делегацияси 31 октябрь, шанба куни Ал-Аҳсо халқаро аэропортидан хусусий самолётда Ўзбекистон пойтахтига учиб кетган.
Манба маълумотига кўра, "Ал Насср" бош мураббийи Анге Постекоглу жамоа сардори Криштиану Роналду, шунингдек, Муҳаммад Симакан ва Кингсли Команни Тошкентга сафар қиладиган футболчилар рўйхатига киритмаган.
Шу тариқа, мазкур уч футболчи "Пахтакор"га қарши учрашувни ўтказиб юборади.
Аввалроқ "Нефтчи"га қарши учрашувда жароҳат олган Кингсли Коман умумий гуруҳ машғулотларига қайтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Муҳаммад Симакан ҳам жароҳатидан тикланиб, майдонга тушишга тайёр экани маълум қилинган эди.
Австралиялик мутахассис "Пахтакор"га қарши баҳс учун Абдураҳмон Суфёний, дарвозабонлар Абдулҳоди ал-Алвон ва Абдураҳмон ал-Утайбий, шунингдек, Ракан ал-Ғомидий ҳамда Аввад Аманни таркибга жалб қилган.
Эслатиб ўтамиз, "Ал Насср" Саудия Арабистони чемпионатининг сўнгги турида "Ал-Хулуд"ни 5:3 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур учрашувда Криштиану Роналду хет-трик қайд этган бўлса, Жоау Феликс тўртта голли узатмани амалга оширди.
"Ал Насср" Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирида бир ғалаба ва бир мағлубият билан 3 очко жамғарган ҳолда Ғарб минтақаси турнир жадвалида 9-ўринни эгаллаб турибди. Жамоанинг БААнинг "Ал-Васл" клубига қарши 3-тур учрашуви бошқа муддатга қолдирилган.
Маълумот учун, "Пахтакор" ва "Ал Насср" ўртасидаги учрашув 2 ноябрь куни Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида бўлиб ўтади.
"Ал Насср" ўйиндан сўнг тўғридан-тўғри Саудия Арабистонининг Ал-Қасим минтақасига йўл олади. Жамоа 6 ноябрь куни мамлакат чемпионати доирасида "Ал-Ҳазм"га қарши майдонга тушади.



