"Ал Насср" ОФКдан "Ал Васл"га техник мағлубият ёзишни талаб қилмоқда

Оқил Абдубарноев
29 окт 2026, 19:30
Саудия Арабистонининг "Ал Насср" клуби Элит Осиё Чемпионлар Лигаси турнири доирасида БААнинг "Ал Васл" жамоасига қарши ўтказилиши керак бўлган учрашув юзасидан Осиё футбол конфедерациясига мурожаат қилди.

26 октябрь куни Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган 3-тур баҳси "Ал Васл" футболчилари Саудия Арабистонига етиб келмагани сабабли бошқа муддатга қолдирилганди.

Маълумотларга кўра, БАА клуби Ямандаги ҳусийлар томонидан Саудия Арабистони аэропортларига уюштирилган ҳужумлар ортидан юзага келган авиақатнов муаммолари сабабли Ар-Риёдга боришдан бош тортган.

Бироқ "Ал Насср" мазкур ҳолатни рақибнинг учрашувга келмагани сифатида баҳолаб, "Ал Васл"га техник мағлубият ёзиш ва 3 очкони Саудия Арабистони клубига беришни талаб қилмоқда.

Саудия Арабистони футбол федерацияси ўз баёнотида учрашувни ўтказиш учун барча ташкилий ишлар бажарилганини маълум қилди. Жумладан, "Ал Васл" делегациясининг ташрифи учун зарур авиарухсатномалар расмийлаштирилган, ҳакамлар бригадаси ва учрашув комиссари Ар-Риёдга етиб келган.

ОФК раҳбарияти масала юзасидан якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини, вазият мусобақанинг тегишли қўмиталари томонидан ўрганилаётганини билдирган.

Шунингдек, саудиялик ҳуқуқшунос Холид Аш Шаълан мамлакат футбол федерациясининг ушбу масаладаги ҳаракатларини танқид қилди. Унинг фикрича, федерация "Ал Васл"нинг сафарга чиқмагани маълум бўлган заҳоти ОФКга расмий эътироз билдириши керак эди.

Можарога қарамай, "Ал Насср" ички чемпионатда муваффақиятли иштирок этмоқда. Жамоа сўнгги турда "Ал Файсали"ни сафарда 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, 10 та ўйиндан кейин 25 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Ар-Риёд клуби пешқадам "Ал Ҳилол"дан икки очко ортда қолмоқда.

Маълумот учун, "Ал Насср" 29 октябрь куни Саудия Арабистони чемпионатида "Ал Хулуд"ни қабул қилади. Жамоанинг Элит Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасидаги навбатдаги рақиби эса Тошкентнинг "Пахтакор" клуби бўлади. Мазкур учрашув 2 ноябрь куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Goal