

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "Гулистон" бош мураббийи Аббос Эргашев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Ўйинга тўхталишдан олдин бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Биласизки, яқин-яқингача Сирдарё вилоятида футбол жамоаси йўқ эди. Вилоятимиз ҳокими ташаббуси билан Сирдарёда футбол клубини шакллантириш, вилоятга катта футболни қайтариш борасида тегишли кўрсатмалар берилиб, бунинг натижасида "Гулистон" қайта тикланди ва Биринчи лигада иштирок этишни бошлади. Бундан албатта жуда хурсандмиз. Энди бугунги учрашувга келадиган бўлсак, ўйинга қўйилган тактика озгина иш бермади ва йигитларимизда тажриба камлиги панд берди.
- Жамоангиз беш нафар ҳимоячи билан ўйнади. Одатда ҳам шундай ўйнайдими?
- Биринчи лигада тўрт нафар ҳимоячи билан тактика тузамиз, лекин "Нефтчи"нинг даражасидан келиб чиққан ҳолда бешта ҳимоячи билан ўйнашни маъқул топдик.
- Стадиондаги муҳит ва шароитлар ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор "Нефтчи" клуби раҳбариятига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Фарғонага бир кун олдин келдик, машғулот ўтказдик, бунинг учун "Нефтчи" барча шароитни қилиб берди. Ташкилий масалалар бўйича муаммо кузатилмади. Стадиондаги муҳит ҳам яхши бўлди. Мухлислар қаршисида ўйнаш барибир ёқимли, бу нафақат футболчиларга, балки мураббийларга ҳам қўшимча куч бағишлайди.
- Жамоангизнинг Биринчи лигадаги ўйинларини кўрганмиз. Кўпроқ ҳужумга урғу беряпти. Лекин бугун бунинг акси бўлди.
- "Нефтчи"нинг ҳозирги даражасидан келиб чиқсак, кўрсатган ўйинимизни ёмон дея олмайман. Албатта, ҳисоб йирик бўлди, хатолар кузатилди, энди буларни ўрганиб чиқамиз. "Нефтчи" энг кучли жамоалардан бири, буни ҳам тан олиш керак. Бешта ҳимоячи билан ўйнаб ҳам бўш жойларни ёпишга қийналдик, шу боис иккинчи таймда яна тўрт ҳимоячи тактикасига қайтдик.
- Урилган ягона гол ҳақида.
- Буни жамоамиз меҳнати деб биламан ва биз учун қадрли. Ҳар бир киритилган тўпнинг ўз қадри бўлади.
- Шоҳназар Норбековни бошланғич таркибда тушириш нияти бормиди?
- Шоҳназарни кўпчилик яхши билади, бир неча йилдирки Суперлигада ўйнаб келган. Рақиб даражасидан келиб чиқиб уни захирадан ўйинга қўшишни ва шу орқали ҳужум чизиғимиз толиқиб қолмаслигини мақсад қилгандик. Шу боис уни иккинчи бўлимда майдонга туширдик.



