

Биринчи лига вакили "Гулистон" амалдаги чемпион ва кубок финалчиси бор гуруҳдан кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди. 2 июнь куни ташланадиган қуръа олдидан гулистонликлар устози Аббос Эргашевнинг тахминлари билан қизиқдик.
"Аввало, жамоамизга ва шахсан менга кўрсатилган эътибор учун миннатдорчилик билдираман. Кубок баҳсларининг ҳар бир ўйини биз учун катта мактаб ва улкан тажриба вазифасини ўтамоқда, бу эса жамоа ривожи учун муҳим қадамдир. Майдонга ҳар доим фақат ғалаба мақсадида тушамиз. Кейинги босқичда ОКМК ёки "Сўғдиёна" жамоаларидан бири билан куч синашиш биз учун жуда қизиқарли бўлган бўларди.
Тўғри, гуруҳ босқичини мағлубият билан бошладик, аммо бу футболчиларимиз учун жиддий синов бўлди. Жамоа "Нефтчи" билан баҳсда ўз хато ва камчиликларини англаб етди. Кейинги учрашувларда мана шу камчиликлар устида ишлаб, уларни такрорламасликка интилдик ва якунда ижобий натижаларни қўлга киритдик. Амалдаги финалчи билан бўлган ўйинда ҳам йигитлар майдонда бор кучларини бериб ҳаракат қилишди", – дейди Аббос Эргашев.



