Расман: "Нефтчи" финляндиялик ҳужумчи трансферини эълон қилди

Оқил Абдубарноев
13 сен 2026, 20:08
Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ўз таркибига янги легионер – финляндиялик марказий ҳужумчи Маркус Форссни қўшиб олганини расман эълон қилди.

Фаолияти давомида Англиянинг қатор нуфузли клубларида ва Финляндия миллий терма жамоасида фаол тўп тепган 27 ёшли футболчининг бой тажрибаси Фарғона клубининг олдинда турган мақсадларига эришишида муҳим ўрин тутиши кутилмоқда.

1999 йилнинг 18 июнида туғилган 182 сантиметр бўйга эга бўлган марказий ҳужумчи ўз фаолиятини Англиянинг "Вест Бромвич Альбион" клуби академиясида бошлаган. Профессионал карьераси давомида у "Брентфорд" сафида муваффақиятли тўп тепиб, 2020/21 йилги мавсумда жамоаси билан биргаликда Англия Премьер-лигаси йўлланмасини қўлга киритишда муносиб ҳисса қўшган. Кейинчалик "Мидлсбро" жамоасига ўтиб, тўрт мавсум давомида 90 дан ортиқ расмий ўйинда майдонга тушган ва ўз ҳисобига 18 та гол ёздириб қўйган.

Шунингдек, Форсс фаолияти давомида "Уимблдон", "Халл Сити" ва "Болтон Уондерерс" каби клубларда ҳам тўп тепган бўлиб, "Уимблдон"даги ёрқин ўйинлари сабаб у Англияда ойнинг энг яхши ёш ўйинчиси ҳамда клубда йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган. 2020 йилдан буён Финляндия миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланадиган ҳужумчи терма жамоа сафидаги дебют учрашувидаёқ амалдаги жаҳон чемпионлари – Франция терма жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг сенсацион ғалабасига сабабчи бўлган ва Европа чемпионати баҳсларида ҳам майдонга тушган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: "Нефтчи" матбуот хизмати