

Бунда ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Гуруҳимизда қизиқарли жамоалар йиғилган. Ўтган тур "Металлург" билан дерби бўлганди. Бугун ҳам голларга бой ўйин бўлди. 2-тур баҳси кўп нарсани ҳал қилишини билардик. Йигитларга раҳмат, ҳамма бор кучини бериб ўйнади. Қийин ғалабага эришдик. Охирги турда "Металлург" - "Қўқон-1912" учрашуви янада қизиқ кечади деб ўйлайман. Ҳозирча гуруҳдан қайси жамоалар чиқиши аниқ эмас. Яъни ҳеч ким кейинги босқични нақд қилгани йўқ. 20 май куни "Арал" билан ўйнаймиз, энди шу учрашувга ҳозирлик кўрамиз. Шундан сўнг кичик таътилга чиқамиз.
- ОКМКнинг голи рақиб дарвозабони қайтарганидан сўнг киритилди. Бу охиригача курашиш натижасими ёки омад туфайлими?
- Фақат футболда эмас, ҳар соҳада омад ёнма-ён юриши керак. Омад келмаса ярим метрдан ҳам гол ура олмайсиз. Омад келса иккита рикошет ҳам голга айланади. Омад ҳар доим керак. Лекин футболда фақат омадга таяниб қолмасдан охиригача курашиш шарт. Тўхтаб қолсангиз омад келмайди.

- Ёзги трансфер ойнасида режалар қандай? Янги футболчилар олинадими?
- Бир ёки икки нафар ўйинчи олишимиз мумкин. Ўз талабимизга жавоб берадиган ўйинчиларни таклиф этамиз.
- Терма жамоамиздан Жаҳон чемпионатида нима кутяпсиз?
- Башоратчи эмасман ва олдинни кўра олмайман. Фақат омад тилаб қоламан. Бу футбол ва терма жамоага ишонамиз. Мухлисларимиз хурсанд бўлса бўлгани. Менимча, гуруҳдан чиқа оламиз.
- Жамоангиз Кубокнинг икки ўйинида 5та гол ўтказди. Бу кўп эмасми?
- Бу жуда кўп. "Металлург" билан оддий вазиятларда гол ўтказгандик, бугун ҳам шундай бўлди. Бу борада машғулотларда ишлаяпмиз, лекин ўйинга келганда яна хато такрорланяпти. Эртага бу нарса панд бериб қолиши мумкин. Яхшиямки гол уряпмиз, агар тўп кирита олмай қолсак-чи. Олдинги мураббийлар "Улар учта урса, биз тўртта урамиз" дейишарди. Лекин ҳозир футбол ўзгариб кетди. Оддий вазиятларда хатога йўл қўйишимиз керак эмас. Ҳар бир ютуқда жамоа меҳнати ётади, буни қадрлаш керак.



