

– Ўйин ҳақида...
– Бугунги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, учрашув бошидаёқ ўтказиб юборилган гол барибир озгина руҳий таъсир кўрсатди. Кейин ўзимизга келдик, гол урдик, яхши вазиятлар яратдик. Йигитлар бугун яхши ҳаракат қилишди, охиригача курашишди. Иккинчи голни ҳам киритдик ва яна кўплаб вазиятлар бўлди, бироқ улардан фойдалана олмадик. Энди, бу – футбол. Ҳар ўйинда шундай курашмасак, ғалаба қозона олмаймиз. Бугун барча йигитлар курашиб, охиригача ўйнаб, жуда муҳим ғалабани қўлга киритишди. Уларнинг барчасига раҳмат айтаман.
– Иккинчи ўйиндирки, "Пахтакор" жамоасида бир хил ҳолат кузатиляпти. "Пахтакор" гол ургандан кейин тўхтаб қоляпти, яъни жамоа олдинга ўтишдан тўхтаб, орқага қайтиб оляпти. Ўтган сафар ҳам 1:0 ҳисобидан кейин шундай ҳолат кузатилганди. Бу нима билан боғлиқ?
– Ҳа, ўтган учрашувда ҳам 1:0 дан кейин шундай ҳолат юз берганди. Ҳозир бунинг устида ишлаяпмиз, йигитлар билан гаплашяпмиз. Балки, бу озгина руҳий ҳолат билан боғлиқдир. Худо хоҳласа, бу камчиликни бартараф этамиз. Биз уларга "орқага ётиб олинглар", демаяпмиз, балки улар ҳам гол ўтказиб юборишдан қўрқишяптими, билмадим. Лекин бу жиҳат устида ишлаяпмиз, чунки кўп ўйинларда шу ҳолат кузатиляпти.
– Ҳозир футболчиларнинг руҳий ҳолати ҳақида гапирдингиз. Эшитишимизча, футболчилар май ойидан бери маош олишмаётган экан. Агар бу хабарлар рост бўлса, бу ҳолат аввалги ўйинлардаги қониқарсиз натижаларга ва ўйин сифатига таъсир қилмаяптими?
– Йўқ, ўтган ўйиндан олдин футболчиларга маошларини тўлаб беришди. Ҳолат маош билан боғлиқ эмас. Кимдир жаҳон чемпионатига бориб келди, ундаги чарчоқ ёки озгина руҳий босимлар бор. Айнан шу жиҳатлар таъсир қилган бўлиши мумкин, лекин маошлар тўлаб берилган.
– Аввалги матбуот анжуманларидан бирида трансферлар ҳақида сўраганимизда, "Бизда аниқ режалар бор", – деб айтгандингиз. Ўзи умуман, ҳозир трансфер ойнаси давом этяпти, режалар қай даражада бажарилди ёки жамоада яна янги футболчиларни кўришимиз мумкинми?
– Ҳали ҳам бу борада ишлаяпмиз. Яна бир-иккита янги футболчи олиш режамиз бор.

– Жамоага сербиялик мураббий ҳам келиб қўшилибди. Шу ҳақида ҳам фикр билдирсангиз. У жамоанинг қайси камчиликларини ёпишга, қайси жиҳатларини ривожлантиришга ёрдам беради?
– Буни биз ўзимиз таклиф қилдик. Уни аввалдан кузатиб борардик. Асосан, тактика томонлама ёрдам бериши учун чақирдик.
– Заид Таҳсин ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Ироқ жаҳон чемпионатида кўнгилсиз натижа қайд этди ва маҳаллий мухлислар томонидан унга нисбатан ҳатто ўлим таҳдидигача боришди. Бу ҳолат футболчининг руҳиятига қай даражада таъсир қилди? У билан алоҳида гаплашдингизми?
– Ҳа, алоҳида гаплашдик. Унинг руҳий ҳолати ҳали ҳам тўлиқ жойида эмас. Биз бунинг устида ишлаяпмиз. У ҳам йўл қўйган қўпол хатоларидан кейин ҳали ҳам ҳаяжонда. Шу устида ишлаяпмиз, гаплашяпмиз. Худо хоҳласа, кейинги ўйинларгача секин-аста руҳий томонлама ўзига келиб қолади.
– Кейинги ўйин "Бунёдкор"га қарши ўтказилади. "Пахтакор" Суперлигадаги сўнгги иккита меҳмондаги беллашувда уларни енга олмаган. Ҳозир "Бунёдкор"нинг қандай аҳволдалигидан кўпчилик хабардор. Шу ҳолат "Пахтакор"га қўшимча устунлик бериши мумкинми?
– Йўқ, бизга қарши ҳамма жамоа 200 фоиз куч билан ўйнайди. Ҳар бир ўйин биз учун қийин кечади. "Бунёдкор" билан баҳс – азалий дерби. Улар қийин аҳволдами ёки йўқ, барибир бизга қарши ўйинга барча жиддий тайёргарлик кўради ва ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади.



