Камолиддин Тожиев: "Голдан кейин "Пахтакор" футбол ўйнамади"

17 июл 2026, 23:27
Суперлиганинг 12-тури доирасида "Пахтакор" - "Локомотив" (1:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Бугун гол урдик ва шундан кейин "Пахтакор" умуман ўйнамади. Футболчиларим шундай ютиб кетамиз деб ўйлашган шекилли. Лекин ҳозир ҳеч ким ғалабани бунчалик осон бермайди. Бу ҳақда йигитларга ҳам айтдим. Дастлабки 10 дақиқаликни ҳисобга олмасак, ҳеч ким ўз даражасида футбол ўйнамади.

- Жамоа голгача яхши ўйнаб турганди, лекин голдан кейин ғалати ўйнади жамоа. Деярли 2 ой мобайнида ўйинсизлик сабабли жамоа тонусни йўқотгандек кўринди.
- Тонусда бўлмаса ҳам курашиши, ўйнаши, югуриши керак. Ҳеч ким тонусда эмас. Бошқа сабаблари бор. Буни тахлил қилиб, футболчилар билан гаплашиб оламиз.

1000137847.jpeg

- Статистикага қарасак, "Пахтакор"да 2, "Локомотив"да эса 5 аниқ зарба бор экан. "Локо"нинг кўп ҳужумлари ўтиб кетди. Ҳимоя чизиғида муаммолар борга ўхшайди.
- Бугун бизда муаммолар кўп эди. Ҳамма позицияда муаммолар бор эди. Жарима майдончаси ёнига борамиз, лекин зарба бермаймиз. Чапга, ўнгга пас, нима футболчилар пас билан тўпни дарвозага олиб кирмоқчимиди... Дарвозага тепилмаса, ҳеч ким гол ура олмайди.

- Стивен Чинедунинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- У машғулотларда яхши ишламоқда. Бугун ҳам қўлидан келганча ҳаракат қилди, киришиб кетиш учун вақт керак. Ҳудо хоҳласа ҳали голлар уради.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›