

– Иордания терма жамоаси ўтган йили Осиё Кубоги финалига йўлланма олди ва Жаҳон чемпионатига чиқди. Сизнингча, бу ҳолат жамоанинг ушбу таркиб билан Осиё Кубогида иштирок этиши учун ижобий омил бўладими?
– Албатта, Осиё Кубоги финалига чиқиш ва Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш Иордания терма жамоасига кўпроқ тажриба орттириш имконини берди. Жамоа Осиё футболида ўз кучи ва мавқеига эга бўлди. Шу сабабли улар навбатдаги Осиё Кубогида эътибор марказида бўладиган ва фаворит ҳисобланган жамоалардан бири бўлади. Мусобақа ҳақида яхшироқ гаплашиш учун вақтимиз бор, чунки олдинда Жаҳон чемпионатидаги муҳим тажриба кутиб турибди. Бунинг давомида турли хил футбол услубларига қарши ўйнаш ва тажриба орттириш имконига эга бўламиз. Шу орқали навбатдаги Осиё Кубогига яхшироқ тайёргарлик кўрамиз ва кучли таркибни шакллантирамиз. Токи ўзимизни яхши тарафдан кўрсатайлик, нега энди яна финалга етиб бормаслигимиз ва Иордания футболи шарафини яна бир бор ҳимоя қилмаслигимиз керак?!
– Гуруҳда шогирдларингиз Ўзбекистон, Баҳрайн ва КХДР билан беллашади. Сизнингча, бу гуруҳ Иордания терма жамоаси учун қанчалик қийин бўлади?
– Рақобат ҳар доим кучли. Барча гуруҳлар кучли. Энг муҳими – рақибларни ва иштирокчиларни ҳурмат қилиш, сўнгра ҳар бир ўйинга эътибор қаратиш ва унга тайёргарлик кўриш. Кейинги босқичга чиқиш учун имкон қадар кўпроқ очко тўплаш керак. Ҳар бир терма жамоанинг ўз техник салоҳияти ва тажрибаси бор. Замонавий футболда жамоалар ўртасидаги фарқлар жуда кичик ва қисқариб кетган. Барча ўйинлар қийин ўтади, осон ўйиннинг ўзи йўқ.
– Иордания терма жамоасининг сўнгги уч йилдаги натижалари аъло даражада бўлди. Сизнингча, жамоага худди шундай ўйин кўрсатиш ва шу йўналишда давом этиш учун босим бўладими?
– Сўнгги пайтларда биз ўзимиз иштирок этган барча турнирларда фаворит жамоалардан бирига айландик. Бинобарин, биз бу омилга ўрганиб қолдик ва унга нисбатан иммунитетимиз пайдо бўлди. Умид қиламанки, биз тайёр бўламиз ва мухлисларимиз ҳамда бизни кузатиб бораётганларнинг орзу-умидларини оқлаймиз, иншааллоҳ. Лекин энг муҳими – рақибларни ҳурмат қилиш ва ўйинларга тайёр бўлиш. Шунинг учун, ҳар бир ўйин ва ҳар бир босқичдан сўнг бизнинг тайёргарлигимиз ва самарадорлигимиз яққол намоён бўлади. Умид қиламанки, якунда мухлисларимизни хурсанд қиламиз.



