

16-турнинг энг яхши дарвозабони — Умид Эргашев (“Хоразм”)
“Хоразм” янги дарвозабони Умид Эргашев жамоа сафидаги илк ўйинидаёқ дарвозани муносиб қўриқлади. 27 ёшли посбон “Машъал”га қарши кечган баҳсда (2:0) 6 та сэйв намойиш этиб, дарвозани “қуруқ” сақлади. Шу тариқа, Championat.asia ходимлари айнан Эргашевни тур дарвозабони деб топди.

16-турнинг энг яхши мураббийи — Мирко Йеличич (“Локомотив”)
“Локомотив” ортда қолган турда кетма-кет 5 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келган “Динамо”дан устун келди (2:1). Жамоа биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган бўлса-да, Туропов ва Абдухолиқовнинг самарали ҳаракатлари эвазига иродали ғалабага эришди. Шундай қилиб, Абрамов жамоасини мағлуб этган Йеличич турнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.

16-турнинг энг яхши футболчиси — Жамшид Искандеров (“Нефтчи”)
“Нефтчи” бу турда “Қизилқум”ни меҳмон қилиб, ҳеч қандай имконият қолдирмади — 5:0. Учрашувда Жамшид Искандеров топ ўйин кўрсатиб, битта гол урди, битта автогол қайд этилишига сабабчи бўлди, шунингдек, ҳужумчи Перицанинг голида ассистентлик қилди. Шу тариқа, МТЖнинг креатив ярим ҳимоячиси тур футболчиси номига лойиқ кўрилди.

16-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Владимир Родич (“Бухоро”)
“Бухоро” бу турда ўзига хос ирода кўрсатиб, Тошкентда “Пахтакор” билан 0:2 ни 2:2 га айлантира олди. Бунда албатта тривела услубидаги зарбаси орқали дарвозани ишғол этган черногориялик ярим ҳимоячи Владимир Родичнинг ҳам ўрни катта. Унинг 75-дақиқада Санжар Қувватов дарвозасига киритган тўпи мавсумнинг энг унутилмас голларидан бири бўлди ва ҳақли равишда 16-турнинг энг чироийли голи деб топилди.




