

Баҳсдан кейин мезбонлар бош мураббийи Илёс Зейтуллаев фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин ҳақида
- Ҳаммамиз жуда хафамиз. Шахсан ўзим бундай натижани кутмагандим, чунки умид бор эди. Ўйлайманки, футболда ҳеч нарса шунчаки бўлмайди. Биз биринчи 30 дақиқани яхши ўтказдик, тетик эдик, лекин "Олимпик-MobiUz" ўйинчилари барибир ёш, 20-21 ёшда, шунинг учун ҳар бир ўйиндан кейин уларнинг тикланиши жуда тез кечади. Ўйлайманки, бугун ўйинчиларнинг катта чарчоғи ўз таъсирини кўрсатди, чунки ҳар тўрт-беш кунда ўйнаш жуда оғир. Шунинг учун рақиб футболчилари биздан ўзиб кетишди ва анча тетикроқ эди. Йигитлар ҳаракат қилишди, лекин футболда ҳеч нарса шунчаки бўлмайди. Хотиржам ўтириб, муаммони ўрганамиз.
- Энди Суперлигага чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз? Жамоада 3 очко бор ("ТерДУ" устидан техник ғалаба назарда тутилмоқда — таҳр.), охирида "Пахтакор фарм" билан ўйин бор.
- Ўйлайманки, тақдир ўз қўлимизда эди. Ҳозир энди бизга боғлиқ эмас, бошқа натижаларга боғлиқмиз. Ҳа, олдинда яна 6 очко бор, учтаси бизда бор ва охирги учтаси қолди. Бу жуда аламли, чунки ҳаммасига ўзимизга боғлиқ эди. Нима учун шундай бўлганини ўрганиш, таҳлил қилиш керак. Қачонки сенда ғалаба қозониш қўрқуви бўлса, барибир ютқазасан. Бу "Лочин" билан ўйнаганимизда ҳам содир бўлганди ва бугун ҳам 1:0 дан сўнг ҳаммаси яхши кечаётганди, лекин кейин психологияда нимадир юз беради. Ғалаба қозонишни хоҳлагандик ва бу ўхшамаганидан жуда афсусдаман.


