

– Ўйин ҳақида фикрларингиз?
– Мухлисларимизга стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаганлари учун катта миннатдорчилик билдираман. Улар бироз кечикиброқ келишди, аммо иккинчи бўлимда уларнинг қўллаб-қувватловини ҳис қилганимиздан сўнг, йигитлар борини бериб ҳаракат қилишди, чунки бугунги ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Буни "Каттақўрғон"нинг энг яхши ўйинларидан бири деб бўлмас, аммо бу ҳақиқий иродали ғалаба бўлди. Ҳозир биз фақат натижа учун ўйнаяпмиз. Шу ўринда "Яйпан" жамоасини ҳам табриклаб ўтмоқчиман: ёш йигитлар тиришқоқлик билан чиройли футбол намойиш этишмоқда, шу сабабли ўйин жуда қизиқарли кечди. Қаттиқ ҳаяжонланганимдан, умримнинг 2-3 йилини йўқотган бўлсам керак. Ҳозир олдимизда плей-офф босқичига йўлланма олиш вазифаси турибди ва биз мухлисларимизни хурсанд қилиш учун барча имкониятларни ишга соламиз.
– Муҳриддин Зоиров захирадан ўйинга қўшилди ва гол урди. Шу футболчи ҳақида фикрингиз қандай?
– У жуда яхши, қатъиятли ва дарвозани яхши кўра оладиган ўйинчи. Бироқ, афсуски, унинг тўпиғида кичик жароҳати бор. Шу сабабли унда майдонда ҳаракат қилиш учун фақат 20-25 дақиқа вақт бор эди ва у майдонга тушганида борини бериб ўйнади. Шунингдек, захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтирган бошқа йигитларни ҳам эътироф этган бўлардим. Бундай ютуқлар – жамоавий ғалабадир. Чунки барча йигитлар "бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун" тамойили асосида курашдилар. Майдон ҳолати жуда оғир, "Яйпан"га қарши уларнинг ўз майдонида ўйнаш осон эмас. Шундай бўлса-да, йигитлар ўз вазифаларини бажаришди. Энди кейинги, ўта муҳим ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
– Яна шунга тўғри келдики, олдинда "Пахтакор" ва "Нефтчи" Элита лигасида, яъни Осиё Чемпионлар лигасида ўйнайди. Айни шу иккала ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
– Ўйлайманки, бундай юқори даражага чиққанда жамоамизда нималар яхши ишлаётганини ва нималар етишмаётганини аниқ тушуниб олишимиз мумкин бўлади. Чемпионлар лигасида ўйин ритми ва интенсивлик кескин ошади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам Ўзбекистон чемпионатида интенсивликни ошириш кераклиги ҳақида бир неча бор таъкидлаган. Бугун ҳакамларнинг ўйинни бошқариши менга манзур бўлди, чунки "ўлик вақт" жуда кам бўлди ва бу 95 дақиқа давомида интенсивликни юқори даражада ушлаб туришга ёрдам берди. Жамоалар кам вақт йўқотганда ва ўйин вақти атайлаб чўзилмаганда, учрашув юқори ритмда ўтади. Фикримча, биз Ўзбекистон чемпионатида – Суперлигада ҳам, Пролигада ҳам – ўйин ритми ва интенсивлигини оширишимиз зарур. Шундагина юқори даражада рақобатлаша оламиз. Чунки "Нефтчи" ҳам, "Пахтакор" ҳам таркиб жиҳатидан Чемпионлар лигасида ўйнашга тўла муносиб, жуда кучли жамоалар ҳисобланади.
– Илёс Зейтуллаев "Каттақўрғон"да фаолиятини давом этадиган бўлса, олдиндаги режалар ҳақида ўртоқлашсангиз.
– Мен келганимдан буён бу жамоанинг тўртинчи ўйини. "Металлург"дан учралган техник мағлубиятни ҳисобга олмаганда, биз иш бошлаган вақтдан бери йигитлар 10 очко жамғаришга муваффақ бўлишди. Ҳозирча 3 та ўйинда ғалаба қозондик ва битта дуранг қайд этдик. Бу жуда яхши натижа. Асосий вазифамиз – плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш. Агар бунинг уддасидан чиқсак, кучли рақобат кўрсатиб, Олий лигага чиқишга ҳаракат қиламиз. Бу бизнинг бош мақсадимиздир. Осон бўлмайди, лекин уриниб кўрамиз. Кейинги йил учун эса жамоани шакллантириш, унинг ўзига хос ўйин услубини яратиш, муайян тамойилларни сингдириш ҳамда Каттақўрғон ва Самарқанд вилоятида футболни ривожлантириш устида ишлаймиз. Бу бизнинг асосий мақсадимиз ва вазифамиздир.
– "Каттақўрғон"нинг ҳозирги даражаси клуб сифатида Суперлига даражасига мос. Лекин клуб инфратузилмаси Суперлига талабларига жавоб берадими?
– Бу энди, албатта, ўринли ва жуда яхши савол. Ўйлайманки, клуб раҳбарияти айни пайтда бу борада иш олиб бормоқда. Суперлигага чиқиш вазифасини қўйиш учун, аввало, инфратузилмани тўғри ташкил этиш ва барча тизимни йўлга қўйиш зарур. Шунинг учун раҳбарият бунинг устида ишламоқда ва яқин келажакда барча шароитлар яратилишига ваъда беришган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда футбол тобора оммалашиб бораётган чекка ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилаётганидан жуда мамнунман. Болалар Ҳусанов, Файзуллаев каби футболчиларни кўриб, уларга ҳавас қилган ҳолда футбол ўйнашлари ва улкан мақсадлар сари интилишлари керак. Каттақўрғон ва Оролбўйи каби минтақаларда футболни шундай яхши ривожлантириб, ёшларга имконият яратиб беришаётгани қувонарли ҳолат. Мен футболни севаман ва Ўзбекистонда бундай ижобий ўзгаришлар юз бераётгани менга жуда ёқади.


