

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Илёс Зейтуллаев (“Каттақўрғон”)
Ушбу турда Илёс Зейтуллаев бошқарувидаги "Каттақўрғон" сафарда маҳоратини намойиш этиб, "ФарДУ" жамоаси устидан 3:0 ҳисобида йирик ғалабага эришди. Майдондаги тўлиқ устунлик, пухта тактика ва рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмаган ўйин Championat.asia ижодкорлари эътиборидан четда қолмади. Зейтуллаев ҳақли равишда турнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Тур футболчиси — Асадбек Самариддинов (“Лочин”)
"Лочин" жамоаси вингери Асадбек Самариддинов "Олимпик-MobiUz"га қарши кечган муросасиз баҳснинг бош қаҳрамонига айланди. Учрашувда ўз ҳисобига 2 та тўп ёздириб қўйган вингер жамоасига 2:1 ҳисобидаги муҳим ғалабани тақдим этди. Шу тариқа, айнан Самариддинов тур футболчиси сифатида эътироф этилди.

Тур дарвозабони — Вадим Лукьянов (“Каттақўрғон”)
"Каттақўрғон" посбони Вадим Лукьянов "ФарДУ"га қарши кечган баҳсда ҳақиқий ишонч рамзига айланди. У нафақат ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди (3:0), балки ўйин якунида белгиланган пенальтини ҳам маҳорат билан бартараф этиб, ғалабани мустаҳкамлади. Ишончли сэйвлар ва муҳим вазиятдаги совуққонлик эвазига Лукьянов тур дарвозабони номига лойиқ кўрилди.

Тур голи — Далер Тухсанов (“Олимпик-MobiUz”)
"Лочин"га қарши кечган учрашувда "Олимпик-MobiUz" ярим ҳимоячиси томонидан киритилган тўп турнинг ҳақиқий безагига айланди. Гарчи баҳс 1:2 ҳисобида рақиб фойдасига якунланган бўлса-да, футболчининг оёқнинг ташқи қисми билан йўллаган қойилмақом "тривела" услубидаги зарбаси дарвоза тўридан жой олди. Ушбу ноодатий ва юқори ижро маҳорати талаб қиладиган супергол ҳақли равишда турнинг энг чиройли голи деб топилди.




