

Турин клуби аргентиналик футболчининг агенти билан унинг жамоага эҳтимолий қайтиши масаласини муҳокама қилган.
Дибала 2022 йил ёзида эркин агент сифатида "Рома"га ўтишидан аввал "Ювентус" сафида етти мавсум тўп сурганди.

Ҳужумчининг "Рома" билан амалдаги шартномаси ой охирида якунига етади. Рим клуби 32 ёшли футболчи билан янги битим бўйича музокараларни давом эттирмоқда, аммо бунинг учун Дибала маошини камайтиришга рози бўлиши керак. Айни пайтда у йилига 7 миллион евро ишлаб топмоқда.
Аввалроқ аргентиналик футболчи мавсумда ўтказилган ўйинлар сонига боғлиқ бонуслар билан бирга 2,5 миллион евро маош олишга розилик бергани ҳақида хабар берилган эди.
"La Gazzetta dello Sport" маълумотига кўра, "Рома" ҳозирда Дибалага йилига 2,5 миллион евро маош таклиф қилмоқда. Футболчининг ўзи ва унинг вакиллари эса йилига 3 миллион евро ҳамда қўшимча бонуслар талаб қилмоқда. Томонлар бир йиллик шартнома ва яна бир йилга узайтириш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Шу билан бирга, Дибала ва унинг агентлари бошқа клубларга ўтиш эҳтимолини ҳам инкор этмаяпти. Бугун "Ювентус" ҳужумчининг вакиллари билан боғланиб, эҳтимолий трансфернинг молиявий шартларини муҳокама қилган жамоалардан бири экани маълум бўлди.
Ҳозирча бу мулоқот "дастлабки алоқа" сифатида баҳоланмоқда ва туринликлар кейинчалик аниқ амалий қадам ташлайдими ёки йўқми, ҳали номаълум.



