Баҳром Ҳайдаров: "4 та турдан буён давом этаётган ғалабасиз серия босимидан ўтиб олдик"

Alisher Ostonov
12 апр 2025, 21:36
Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" - "Бухоро" (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этди.

Ўйин ҳақида

- Биринчи ғалаба билан жамоамиз мухлислари ва клубимиз раҳбариятини табриклайман. Анча ёқимли ҳиссиёт, ғалабаларимиз бардавом бўлсин. Биринчи бўлимни яхши ўтказдик. Машғулотлардаги тайёргарлик ишланмаларимиз ишлади. 4 та турдан бери давом этаётган ғалабасиз серия босимидан ўтиб олдик. Иккинчи бўлимда озроқ хотиржамликка берилдик. Жароҳатлар режаларга таъсир кўрсатди. Хатоларни кўриб чиқиб, хулоса чиқарамиз.

- Кейинги ўйинлар ҳақида фикрингиз? Ўзбекистон кубогидаги мақсадлар қандай?

- Бизда чемпионат ёки кубок учрашуви ажратилмайди. Ҳар икки турнир биз учун муҳим. Рақибга қараб ёшларга ҳам имконият берамиз. Кубокдаги биринчи вазифамиз бу - гуруҳдан чиқиш.



- Қизил карточка олган футболчилар нечта турга четлатилгани ҳақида ойдинлик киритилдими?

- Биз ҳам кутаяпмиз. Ғофуров ҳам, Ҳасанов ҳам асосий таркибда рақобат ярата оладиган футболчилар. Кейинги турдан кўриб чиқилса керак. Режаларни шунга қараб тузамиз.

- Ўринбосарлар таркибида Жасур Аҳмаджонов 7 та гол урди. Уни асосий таркибга жалб этиш режаси борми?

- Албатта, биз уни кузатиб бораяпмиз. Бугунги ўйин қайдномасига ҳам киритмоқчи эдик. Жасур асосий таркиб билан машғулотларни ҳам олиб борди. Ёшлар таркибимиздан футболчилар етишиб чиқса, бундан фақат хурсанд бўламиз.




Alisher OstonovМуаллиф
Манба: championat.asia