Қаҳратон қиш ҳукм сурган Жанубий Африка, 12 км югурган ўзбекистонлик "номаълум" ҳакам, катта таъзияга айланган очилиш маросими ҳамда гўнг қўнғизи – ЖАР ва Мексика ўртасидаги 2010 йилги мундиал ўйинини ёдга оламиз

Оқил Абдубарноев
11 июн 2026, 12:00
2026 йилнинг 11 июнь куни Мексика–Жанубий Африка Республикаси учрашуви билан навбатдаги жаҳон чемпионатига старт берилади. Шу муносабат билан бундан 16 йил муқаддам икки мамлакат ўртасидаги очилиш учрашуви ва унинг атрофидаги қизиқарли воқеа-ҳодисаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

2010 йилнинг 11 июнь куни. Бутун дунёнинг нигоҳи Африка қитъасида илк бор ўтказилаётган мундиалга – Йоханнесбургдаги "Soccer City" стадионига қаратилди. ЖАР ва Мексика терма жамоалари ўртасидаги очилиш ўйини нафақат майдондаги воқеалар, балки унинг атрофидаги кутилмаган ҳодисалар, қайғули хабарлар ва ҳакамлик оламидаги янги юлдузнинг порлаши билан тарихга муҳрланди. Қуйида ўша учрашувга оид қизиқарли маълумотларни ёдга оламиз.

Мусобақа бошланишига бир кун қолганида Советодаги "Orlando" стадионида улкан концерт дастури бўлиб ўтди. Колумбиялик хонанда Шакира ўзининг машҳур "Waka Waka" қўшиғини ижро этиб, бутун қитъага байрамона кайфият улашди.

Афсуски, байрам шукуҳини қайғули хабар бузди. Мусобақанинг ташкил этилишида энг асосий рол ўйнаган ЖАРнинг собиқ президенти Нельсон Манделанинг 13 ёшли чевараси Зенани Мандела автоҳалокатда фожиали тарзда ҳалок бўлди. Оқибатда, Мандела очилиш маросимида иштирок эта олмаслигини маълум қилди. Бутун мамлакат байрам ва мотам орасида қолди.

Стадионлардаги хавфсизликни таъминловчи маҳаллий ходимлар маошларнинг камлиги сабабли айнан ўйин куни иш ташлашди. Ҳукумат тартибсизликларнинг олдини олиш ва мусобақа обрўсини сақлаб қолиш учун зудлик билан полиция қўшинларини стадионларга жалб қилишга мажбур бўлди.

Йоханнесбург кўчаларида мисли кўрилмаган тирбандликлар юзага келди. Логистикадаги хатоликлар туфайли минглаб мухлислар ва ҳатто баъзи ФИФА расмийлари ҳам "Soccer City" стадионига кечикиб келишди.

Очилиш маросими маҳаллий маданиятни ўзида тўлақонли мужассам этди. Майдон бўйлаб тўпни думалатиб юрган улкан гўнг қўнғизи макети кўпчилик хорижликларни ҳайратда қолдирди. ЖАР халқи учун эса бу ҳашарот меҳнаткашлик ва қийинчиликларни енгиб ўтиш тимсоли эди.

Ўйиндан олдин Ғарб матбуотида бироз шубҳа ва ҳайрат ҳукм сурган эди. Кўплаб Европа нашрлари "Бу 32 ёшли ўзбек ҳаками ким?", "Нега ФИФА бундай улкан масъулиятни футбол державаси бўлмаган мамлакат вакилига топширди?" мазмунида мақолалар эълон қилди. Европа нашрлари футбол державаси бўлмаган мамлакат вакили бундай босимни кўтара олишига шубҳа билан қарашди.

Ўйин бошланиши билан бутун дунё телекомпаниялари саросимага тушди. Миллионлаб томошабинлар шарҳловчиларнинг овозини эшита олмаётганидан шикоят қилди. Бунга стадионни ларзага келтираётган маҳаллий карнайлар – вувузелаларнинг тинимсиз шовқини сабабчи эди.

Жаҳон чемпионатлари одатда ёзнинг жазирамасида ўтишига кўникиб қолган мухлислар ва журналистлар учун ЖАРдаги мусобақа ҳақиқий шок бўлди. Июнь ойи Жанубий Африкада қиш фаслининг бошланиши ҳисобланади. Очилиш ўйини вақтида Йоханнесбургда ҳарорат кескин пасайиб кетган, стадиондаги кўплаб мухлислар қалин курткалар, шапкалар ва ҳатто кўрпаларга ўраниб олишган эди. Ёзги турнирнинг бундай "совуқ" манзараси эфир орқали жуда ғайриоддий кўринган.

Ўйиннинг 55-дақиқасида майдон эгалари вакили Сифиве Тшабалала мусобақанинг биринчи голини киритди. Унинг жамоадошлари билан қилган рақси ва инглиз шарҳловчиси Питер Драрининг "Бу гол бутун Африка учун!" деган ҳайқириғи тарихга муҳрланди. Ўйин эса 1–1 ҳисобидаги дуранг билан якун топди.

Шубҳа билан кутиб олинган Равшан Эрматов майдонда ҳақиқий маҳорат кўрсатди. У 84 мингдан ортиқ томошабин қаршисидаги ўта юқори руҳий босим остида ўйинни беминнат бошқарди. Учрашув давомида 4 та сариқ карточка кўрсатди ва қарийб 12 километр масофа босиб ўтиб, футболчилардан қолишмайдиган жисмоний тайёргарлигини намойиш этди.

Ўйин тугаши билан Ғарб оммавий ахборот воситалари Эрматовни мадҳ эта бошлади. BBC, "The Guardian" ва "Marca" каби йирик нашрлар унинг майдондаги хотиржамлигини мақтаб, "Учрашувнинг энг яхши иштирокчиси – ҳакам бўлди" деган сарлавҳалар билан чиқишди.

Спорт журналистлари Эрматовнинг таржимаи ҳолини ўрганиб, унинг 18 ёшида оғир жароҳат туфайли футболчиликни ташлаб, отасининг маслаҳати билан ҳакамликка ўтгани ҳақидаги илҳомлантирувчи ҳикояни бутун дунёга тарқатди. ЖАР – Мексика ўйинидан сўнг ўнлаб жаҳон телеканаллари ва газеталари Эрматовдан интервью олиш учун навбатга турган. Бироқ, матбуотда ҳакамларнинг ФИФА қоидаларига кўра турнир давомида журналистларга гапириши тақиқлангани, шу сабабли Эрматовнинг жимлиги унга нисбатан қизиқишни янада ошириб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Медиа фақатгина ФИФА ҳакамлар қўмитаси вакилларининг "У ўзига билдирилган ишончни юз фоиз оқлади" деган расмий баёнотлари билан кифояланишга мажбур бўлган.

Учрашувдан сўнг зудлик билан Европа ва Америка телекомпаниялари кейинги трансляциялар учун эфирларда вувузела частотасини пасайтирувчи махсус аудио фильтрларни яратишга киришди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›