Зиданнинг ўғли жағини синдириб олди ва ЖЧ-2026'ни ўтказиб юбориши мумкин

Sherzod Nurmatov
4 май 2026, 12:55
"Гранада" дарвозабони Лука Зидан Испания иккинчи дивизиони 37-турида "Альмерия"га қарши ўйинда (4:2) юз қисмидан жиддий жароҳат олди.

Жамоалар 26 апрель куни ўйнашди. Ҳодисалардан бирида 27 ёшли дарвозабон "Альмерия" ҳужумчиси Талис билан тўқнашиб кетди ва ўйинни давом эттира олмади. Зиданга дастлаб мия чайқалиши ташхиси қўйилди, аммо кейинчалик унинг жағи ва ияги сингани маълум бўлди. Дарвозабон ижтимоий тармоқларда муваффақиятли операция қилингани ва тикланишни бошлаганини эълон қилди.

Лука Жаҳон ва Европа чемпиони ва "Олтин тўп" соҳиби Зинедин Зиданнинг фарзанди ҳисобланади. 2025 йилнинг сентябрида дарвозабон спорт фуқаролигини француз фуқаролигидан жазоирликка ўтказди ва октябрь ойида Жазоир терма жамоасига биринчи марта чақирув олди. Энди у жароҳати туфайли ЖЧ-2026'ни ўтказиб юбориш хавфи остида.

2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Жазоир терма жамоаси гуруҳ босқичида Аргентина, Австрия ва Иордания билан ўйнайди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: ESPN