

Ғолиблар сафида Николас Пас, Хулиан Альварес ва Франко Мастантуоно дублга эришган бўлса, Алексис Мак Аллистер битта аниқ зарба билан ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
Илк гол учрашувнинг 8-дақиқасидаёқ киритилди. Николас Пас Энцо Фернандеснинг узатмасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. 35-дақиқада Хулиан Альварес Агустин Хьяйнинг пасидан сўнг аргентиналиклар устунлигини оширди. Танаффус арафасида, 39-дақиқада Пас Максимо Перронедан голли узатма қабул қилиб олиб, дублни расмийлаштирди. Тўртинчи тўп коста-рикаликлар дарвозасига 43-дақиқада киритилди: Альварес Джанлука Престианнининг жарима майдонига оширган тўпидан кейин яна керакли жойда пайдо бўлди.
Иккинчи бўлимда ҳам аргентиналиклар устунликни давом эттиришди. 48-дақиқада Франко Мастантуоно ҳисобни йирик кўринишга олиб келди, ассистентлик вазифасини яна Перроне бажарди. 78-дақиқада ярим ҳимоячи Алексис Мак Аллистер ўзини кўрсатиб, ҳисобни 6:0 га етказди. Ўйинга сўнгги нуқтани 89-дақиқада Джулиано Симеоненинг узатмасини голга айлантирган Мастантуоно қўйди.



