Зайниддин Тожиев: "Барчаси режа асосида бўлди"

21 авг 2026, 21:45
Пролиганинг 16-туридан ўрин олган "Каттақўрғон" — "Ғазалкент" (2:4) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Зайниддин ака, биринчи навбатда ғалаба билан табриклаймиз. Учрашув ҳақида қисқача фикрларингиз билан бўлишсангиз.

  — Авваламбор ассалому алайкум. Ўйинга келадиган бўлсак, "Каттақўрғон" ўз олдига Суперлигага чиқиш каби жуда юқори вазифаларни қўйган. Шунинг учун жуда қийин ўйин кутаётганини билардик ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Барибир ўша стандарт вазиятларда болаларимиз сал-пал ёшлик қилиб қўйишяпти, ҳали ҳам ишлайдиган жойларимиз жуда кўп. Худо холаса, машғулотларда буни бартараф этиб, камроқ гол ўтказиб юборадиган жамоа бўламиз. Биринчи бўлимда иккинчи голни ўтказиб юборгач, танаффусга 2:1 ҳисоби билан чиқиб кетдик. Лекин болалар барибир ўзида куч топиб, айтилган кўрсатмаларни рўёбга чиқаришди. Шунинг учун барчасига раҳмат дейман ва ғалаба билан табриклайман.

 — Охирги пайтларда "Ғазалкент" кўпроқ очколарни уй учрашувларида йўқотиб, сафарда яхшироқ ўйнамоқда. Бунга қандай фикр билдирасиз? 

 — Битта нарса бор-да — бизда ҳали ўз уй стадионимиз йўқ. Худо холаса, ўз стадионимиз бўлса, уйда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз (кулади).

 — Жамоа жисмоний жиҳатдан жуда яхши тайёрлангани ва 90-дақиқада ҳам тетик кўринаётгани кўзга ташланмоқда. Бу нима билан боғлиқ? 

 — Бу режа асосида бўлган. Чунки жамоамиз декабр ойидаёқ йиғилган. Ушбу мавсумга жуда жиддий тайёргарлик кўрганмиз. Шунинг ҳисобига йигитлар иккинчи бўлимда ҳам куч топиб ҳаракат қилишяпти. Фақат битта муаммо бор — уларнинг салоҳияти ва кучи кўп, лекин барчаси руҳиятга боғлиқ. Чўчишни камайтириб, ўзига бўлган ишончни оширишса, буткул бошқа жамоага айланишади.

 — U-20 терма жамоасига "Ғазалкент"дан футболчилар жалб этилмагани ҳақида қандай изоҳ берасиз? 

 — Ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бор, у кимни хоҳласа олади, хоҳламаса йўқ. Йигитлар фақат ўз устида ишлаши ва ўзини кўрсатиши керак. Худо холаса, терма жамоага ҳам, Жаҳон чемпионати ва саралаш ўйинларига ҳам таркибимиздан футболчилар қўшилишига умидимиз катта.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia