

Маълумотларга кўра, клубнинг тахминий қиймати 800 миллиондан 1 миллиард риёлгача (тахминан 213–266 миллион АҚШ доллари) баҳоланмоқда. Ушбу жараён фақатгина клуб номи ва савдо белгисини сотиб олиш билан чекланиб қолмай, бошқарув ва молиявий инвестицияларни ҳам тўлиқ қамраб олади.
Манбаларнинг таъкидлашича, сотув жараёни бир неча босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич (якунланган): Клуб номи ва брендини баҳолаш ҳамда шу асосда таклифларни қабул қилиш.
Иккинчи босқич (бошланган): Мулк ҳуқуқи ўтганидан сўнг клубни бошқариш ва ишлатиш механизмларини аниқлаш.
Учинчи босқич: Молиявий масалалар ва 800 миллион риёлгача бўлган сармояни тўғри инвестиция қилиш йўналишларини тасдиқлаш.
Таъкидланишича, "Ал Иттиҳод" ўзининг тарихий, оммавий ва тижорат аҳамиятига эга эканлиги сабабли арзон нархда сотилмайди. Харидордан клубнинг спортдаги мавқеини сақлаб қолиш ва мухлислар талабини қондириш учун аниқ, узоқ муддатли стратегияга эга бўлиш талаб этилади. Мазкур жараён Саудия Арабистони давлат инвестиция фонди томонидан мамлакат футболида молиявий барқарорликни таъминлаш ва хусусийлаштириш дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар лигаси Элит мусобақасида иштирок этаётган "Ал-Иттиҳод" 26 октябрь куни Ўзбекистоннинг "Нефтчи" жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу халқаро баҳсдан аввал, саудияликлар жума куни ички чемпионат доирасида "Ад Дирия" билан, 30 октябрь куни эса "Абҳа" билан куч синашади.



