Зайниддин Тожиев: "Ёш болаларда барибир ҳаяжон бор. Кападзе Кубокни олсин"

Aslanov Jasurbek
21 окт 2026, 23:34
Ўзбекистон Кубоги 1/4 финалидан ўрин олган "Навбаҳор" - "Ғазалкент" (3:1) учрашувидан сўнг ғазалкентликлар устози Зайниддин Тожиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Авваламбор, ассалому алайкум. Бугунги ўйинга келадиган бўлсак, бу бизнинг ёш жамоамиз учун йил ўйини деб ҳисобласа ҳам бўлади. Нима учун? Чунки бизнинг болаларимиз юрганимизда кўпи U-19 да, биринчи лигада ўйнаган, лекин бундай катта жойларда, катта саҳналарда ўйнамаган. Мухлисларга бугун мухлислиги учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чунки бунақа атмосфера яратиш. Мисол учун, болаларим бугун тўрт калла кучли бўлди деб ҳисоблайман. Чунки бунақа муҳитда ўйнаш, ҳаммага ҳам эмас-да бу, бор масъулиятни ҳис қилиб.

Биринчи бўлимга келадиган бўлсак, энди барибир ҳаяжон, ҳаяжон. Тез иккита гол ўтказиб юбордик. Лекин биринчи бўлимдан кейин болалар билан анча кўп гаплашдик. "Барибир, нима дейди, сизларнинг бугун имтиҳонларинг. Ўйиндаги нимага қодирлигингни кўрсатадиган кун. Рақиб ким — йўқ бизга, тушунинглар бу ўйинни ўзларинг учун. Фақат ўзингнинг маҳоратингни кўрсат", деб тавсия бердик. Кўз тегмасин, иккинчи бўлимда анча болалар ўзини йиғиб олиб, яхши ҳужумлар яратди.

Барибир "Навбаҳор" чемпионликка талашаётган жамоа. Мисол учун, бунақасига солиштирадиган бўлсак: "Олимпик" очилган пайтда Тимур Кападзе бутун Ўзбекистондан тарбиялаб келган болалар билан жамоани шакллантирган — ҳозир миллий терма жамоанинг 50 фоизи ўшандан кашф этилган. Мен бошида болаларимга айтдим: "Бугунги ўйинга сизларга барибир бошқа кўз билан қаралади. Чунки сизлар ҳам ўшанақа проектсизлар, ўша проектнинг болаларисизлар. Фақат бизники хусусий, уларники бошқача эди. Мана шу проект давомли бўладиган бўлса, сизлар ўз меҳнатингиз ва ҳаракатингиз билан мана шу проектни давомли қиласизлар», деган сўзлар билан бугун ўйинга чиқардик. Лекин Наманган мухлисларини ярим финалга чиққани билан ҳаммасини табриклайман. Бизга келсак, бизнинг ўзимизнинг Про-лигада қиладиган ишларимиз бор. Ўшанга ҳозир болаларни тиклаб, чемпионатни тугатамиз, Худо хоҳласа", - дея гап бошлади Зайниддин Тожиев.

— Зайниддин ака, болалар яхши шаклланганлиги кўриниб турибди, лекин бугунги ўйиннинг қайсидир қисмида концентрацияни ушлашди-ю, лекин кўп ҳолларда ўша нарса кўзга кўринмади-да. Бу кўрсатмайдими ёки рақиб бунга имкон бермадими ўша тўлиқ бир хил темпда футбол намойиш этишга?

— Энди барибир болалар ёш. Бунақа савияда ўйнамаган, бунақа босимда ўйнамаган, бунақа мухлислар билан — стадион тўлгани билан ўйнамаган. Хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, булар ёш болалар, барибир ўша ҳаяжон бор. Тўп берадиган жойда ҳаяжонланади — чапга, ўнгга. Бу секин, мана шу тажриба, мана шунақа ўйинлар орқали булар кучли бўлади. Мен бекорга айтмадим "тўрт калла кучли бўлди" деб. Чунки ҳозир буларни ўз тенгқурлари билан қўйиб қўйсангиз, тенгқурлари билан бемалол ўйнайди. Бундоқ олиб қарасангиз, булар U-19 да ўйнаган болалар-да!

Лекин мана шу ергача келди: "Динамо"си билан ҳам ўйнади, "Қўқон"и билан ҳам ўйнади, мана ҳозир "Навбаҳор" билан ўйнади. Бу ёққача ютиб келди ва бугун ҳам ёмон ўйнамади. Бу нарса барибир ўша тажриба орқали бўладиган нарса. Ўша муҳитга тушса, стресс ҳолатига тушган ҳолда кейин булар кучли бўлади. Ўзидан-ўзи машғулотда юргани билан кучли бўлиб қолмайди. Мана шунақа кучли жамоаларга қарши ўзини кўрсата олса, ана ўшандагина булар бир поғона, икки поғона олдинга юрган бўлади.

— "Навбаҳор"га қарши футболчилик фаолиятингизда жуда кўп марта Наманганда футбол ўйнагансиз. Мураббий сифатида, менинг назаримда, илк маротаба бугун Наманганда "Марказий" ўйингоҳдасиз. Таассуротлар, ҳиссиётлар қанақа бўлди? Футболчилик пайти эмас, бу мураббийликда...

— Водийга келсангиз, муҳит бошқача-да барибир! Футбол ўйнаётганингизда ҳам, мана болалар ҳам майдонга тушяпти: майдоннинг текислигини қаранг, чиройлилигини қаранг, мухлисни қаранг. Бу фақат ҳавас — бунақа жойларда ўйнаш. Ўшанинг учун бугун болаларимнинг ҳам кўпи йиғлаяпти ҳам. Йиғласа — яхши-да! Чунки улар "шу ерда мен яхшироқ ўйнасам бўларди" деган тушунча билан йиғлаяпти.

Ўшанинг учун мен бекорга айтмаяпман, булар тўрт калла кучли бўляпти. Чунки мана шунақа ўйинлар орқали булар катта футболга, Худо хоҳласа, бемалол қадам босиб, эртага мана шу "Навбаҳор"дами, "Пахтакор"дами, "Бунёдкор"дами, чет элдами — бемалол ўйнайди. Чунки барибир ҳамма нарса режа асосида кетяпти: тизим, бизнинг яшайдиган жойимиз дейсизми, витаминизация — ҳаммаси бизда аъло даражада.

Болаларда фақат битта нарса — хоҳиш бўлиши керак. Ўша мақсад сари интилиши керак. Мақсад бўлса, мақсад сари интилса, булар катта футболчи бўлиб кетиши аниқ. Чунки бу ёқдаги ёндошадиган ҳамма нарса: шароит дейсизми, витамини дейсизми, восстановление (тикланиш) дейсизми — ҳамма нарса аъло даражада. Фақат хоҳиш: машғулотга чиқдингми — бажар, кел, дам ол, овқатингни е, яна машғулотга чиқ. Бўлди, шу. Улардан шу талаб қилинади.

— Мана Ўзбекистон Кубогида тўртта жамоа қолди, ярим финалга чиқди. "Навбаҳор"нинг имкониятларини Ўзбекистон Кубогида қандай баҳолайсиз?

— Энди мисол учун, ҳозир ОКМК билан... ОКМК ҳам йиллар давомида ўйнаб келяпти. Лекин мен ҳозир "Навбаҳор"ни устунроқ қилиб, тепага кўтарардим. Нимага? Чунки барибир жадвалда ҳам "Пахтакор" билан булар дуранг ўйнаб қўйганига чемпионлик масаласи бўлиб қолди. Лекин ўша чемпионликка савия, болалари ҳам бор, қурби етяптими — мана шу ергача келдими, бу нарса ўзидан-ўзи бўлиб қоладиган нарса эмас. Кападзенинг селекцияси, ўйин ғояси қўл келяптими — Худо хоҳласа, фақат омад! Кубокни олсин, нимага олмасин? Олсин, болалар ҳам шунга лойиқ.

— Бугун биз жамоа билан бирга "Марказий" ўйингоҳга Гаджи Гаджиев келганлигини кўрдик. Шу хусусда ҳам маълумот берсангиз...

— Бу одам ҳозир келди, бизнинг йиллик режаларимизнинг ҳаммасини кўриб чиқди. Кам-кўстларимизни, қўшадиган жойларини, тўғрилайдиган жойларининг ҳаммасини қисқа-қисқа қилиб кўрсатиб кетяпти. Худо хоҳласа, ҳозир учиб кетади. Кейин, биз ўша шартномага қўл қўйсак, шу одам биз билан кейинги йили мураббийлар штабида ишлайди.

— Ассалому алайкум. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсангиз ҳам, йигитларингизга бугунги ўйин учун раҳмат айтамиз, жуда ҳам ёрқин ўйин кўрсатишди. Саволим шундан иборатки, жамоангиз ҳозир Про-лигада тўртинчи ўринда бормоқда ва совринли ўринлар учун ҳали ҳамон имконият бор. Бу мавсум учун жамоангиз олдига нима мақсад қўйилган?

— Умуман мақсад йўқ эди. Очиқ-ойдин айтаман, йилнинг бошида ҳам айтганман — мақсад йўқ, қанақадир биринчи ўрин, иккинчи ўрин деган нарса йўқ. Бизнинг мақсад — болаларни ўстириш, катта футболга етказиб бериш. Битта вазифа қўйилган. Лекин шунга қарамай, биз ҳозир тўртинчи ўриндамиз ва Худо хоҳласа, ўзимиз болалар билан келишган ҳолда ҳай-ҳай қилиб бешталикка киришга ҳаракат қиламиз.

— Кейинги мавсумда жамоанинг ўзагини сақлаб қола оласизларми?

— Йўқ, энди сақлаб қолиш — у бошқа масала. Ҳозир кетадигани кетади, бунинг ўрнига ёшроқларни оламиз. Лекин бизнинг мақсадимиз — ҳозир вояга етдими, вояга етган болани тарқатиб юбориш. Ҳозир мана шу болаларни тарқатиб юборсак, кетидан ёш болалар чиқиб келаверади. Талант жуда кўп, ҳар биттасига ўша имкониятни яратиб бериш керак. Про-лиганинг ҳам ҳозир савияси кўтарилди, Про-лигада қатнашаётганимиз бизга жуда қўл келяпти, чунки рақобат кучли ва болаларимиз тезроқ вояга етяпти, улғайяпти. Ўшанинг учун ҳам бизга Про-лигада юрганимиз маъқул.

Ҳозир олаётган, мана шу йил охирида ва кейинги йил оладиган болаларимиз 2011 йил бўлади. 2011–2010 йиллар. Биз тепага қарамаймиз, биз пастдан селекция ишларимизни жуда аъло даражада олиб боряпмиз. Рўйхатларимиз ҳам бор — ким қаерда, вилоятдан, қайси жойдан. Бу нарса давомли, ҳаракатда бор, ҳеч тўхташ йўқ. Вояга етдими — бўлди, чиқариб юбораверамиз. Биз буларни олиб ўтириб, «тузлаб» нима фойдаси бор? Фойдаси йўқ-ку! Мақсад бор — чиқаришимиз керак. Қанча кўп чиқарсак, шунча бу бизнинг меҳнатимиз. Бу ердан ҳозир у ёққа чиқмаса, бизларни алмаштириш керак бўлади, бошқасини қўйиш керак — болани яхшироқ ўстирадиган одамни қўйиш керак. Бўлди, муаммоси йўқ.

— Сиз ўз вақтида мамлакатимизнинг таниқли ҳужумчиларидан бири бўлгансиз. Сўнгги пайтларда ўзбек ҳужумчиларида самарадорлик камайиб кетди, кўпроқ чет эллик футболчилар тўпурар бўлишяпти. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Энди қаерга борсам шу темани, масалани кўтаряпсизлар. Лекин ҳар битта жамоанинг олдида вазифа бор, тўғрими? Ҳамма ёшни ўйнатмаяпсизлар-ку, тўғрими? Бўлиб ўтган (тайёр) ўйинчини ўйнатасиз. Бизнинг пайтдаги ҳолатни айтсангиз: ҳар битта жамоада, мисол учун, Неъматулло Қуттибоев бор эдими? Бор эди. Еттита-саккизтасини санаймиз: Бердиев бор эдими, кичкина ёш бола бор эдими, Фарҳод Тожиев бор эдими, Анвар Солиев бор эдими, Гейнрих бор эдими — бор эди. Тасаввур қилинг-да, Неъматулло ака кетиб қолдилар-да, Неъматулло аканинг ўрнини босадигани бор эди. Улардан иккитаси кетяпти-да, ўрнини босадигани бор. Чунки ўша болалар битта жамоада юриб, уларга имконият бериларди.

А ҳозир ким беряпти ўша имкониятни? Айтинг ҳозир, ким беряпти? Ёш борми? Ёш жуда кўп! Лекин ҳар битта мураббийнинг олдида ҳозир вазифа қўйиляпти: вазифани бажара олмасанг, шарт олиб ташлаб, алмаштириб ташлаяпти. Қачон сиз мана бунақа ёш болаларга имконият берасиз? Қаерда сиз бу болаларни ўстирасиз? Мисол учун, U-21 дами? Тўғриси-да, ҳозир U-21 нинг ҳам савияси у даражада эмас. Ўзинглар бундоқ баҳо бериб кўринглар. Барибир ўстириш керак-ку уни! "Ўстираман" десангиз, ўшанга имконият бериш керак.

Мана, биз 2011 йилда туғилган болаларни ҳам қўйяпмизми? Қўйяпмиз. Просто бизнинг олдимизда вазифа йўқ, лекин мақсадимиз бор. Ёш болаларга имконият бериб, ўша қозонга ташлаяпмизми? Худо хоҳласа, тушяпти, ўйнаяпти. Кучли бўляптими? Кучли бўляпти, тажрибани орттиряпти. Энди бу нарса барибир раҳбарларга кўпроқ тегишли. Чунки результат (натижа) мана бу ерда бўлса, бола ўстириш мана бу ерда — булар ҳеч қачон битта жойда бўлмайди! Ёки буни танлаш керак, ёки уни танлаш керак. Ўртаси йўқ-да бунинг, ўртаси бўлмайди. Ўшани ҳисобга олинглар.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›