

Очиқ тарздаги суҳбатда Ўзбекистон ҳакамлар маркази раҳбариятидан Фарҳод Абдуллаев, Маъмур Саидқосимов, Бобур Ҳайдаров иштирок этдилар. “Динамо” ПФКдан бош мураббий Вадим Абрамов, клуб бош директори Анвар Носиров, мураббийлар штаби ва клуб матбуот хизмати вакиллари иштирок этди.
Онлайн-учрашувда “Динамо” клубининг 23-турдаги “Насаф” - “Динамо” (2:1) ва 24-турдаги “Динамо” - “Бухоро” (1:2) ўйинидаги вазиятлар бўйича шикоятлари кўриб, таҳлил қилинди.
Ҳакамлар маркази раҳбари Фарҳод Абдуллаев Қаршидаги ўйиннинг 10-дақиқасида “Динамо” ҳужумчиси Фирдавс Абдураҳмонов яккама-якка вазиятда чиқиб борганда Ойбек Рустамов томонидан қилинган қўполлик – пеналти ва сариқ карточка билан жазоланиши керак бўлганини маълум қилди. Аммо бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев вазиятга яқин бўлса-да, пеналти белгиламаган, ВАР ҳаками Абдурашид Худойберганов эса вазиятни бир неча марта текшира ва кўра туриб ҳам бош ҳакамни монитор қаршисига чақирмаган.
Ҳакамлар маркази раҳбарияти Рисқуллаевга чора кўрилгани, ВАР ҳаками Абдурашид Худойберганов эса икки турга ҳакамликдан четлатилганини маълум қилди.
24-турдаги “Динамо” - “Бухоро” ўйинидаги икки ҳолат бўйича эса ВАР бундай вазиятга аралаша олмаслиги билдирилди. Четлатиш ва пеналти вазияти бўйича қарор эса тўғри бўлгани қайд этилди.
Шу тариқа, 22-турда Наманганда ўтган “Навбаҳор” - “Динамо” (3:2) ўйинида “Динамо”га нисбатан ноҳақлик учун бош ҳакам Достон Раҳмонов Суперлигадан Про лигага четлатилган, ВАР ҳаками Илгиз Танташевга чора кўрилган бўлса, 23-турда Қаршидаги “Насаф” - “Динамо” (2:1) ўйинидан кейин бош ҳакам Рисқуллаевга чора кўрилиб, ВАР ҳаками Абдурашид Худойберганов вақтинча четлатилгани айтилди.



