

— Вадим ака, бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Нима ҳам дейишим мумкин... Пешқадамлар сафида бораётган жамоага қарши ҳар қандай рақиб бор кучини бериб ўйнайди. Ҳамма ўзининг энг яхши томонларини кўрсатишга ҳаракат қилади. "Олимпик МобиУз"ни ғалаба билан табриклайман. Улар жуда яхши савияда ўйин кўрсатишди. Уларда тўп назорати ҳам, ҳужумларни якунлаш ва жарима майдончасига кириб бориш ҳам кўнгилдагидек чиқди. Табиийки, кўплаб хавфли вазиятлар яратишди ва бу якунда уларнинг иккинчи голига олиб келди.
— Иззатулла Қутибоев нима учун асосий таркибда туширилмади? Айниқса, Руслан Қалмағамбетов йўқлигида у жамоанинг асосий фигурасига айланиши керак эди...
— Саволингизни тушундим. Бунга ўзингиз қандай қарайсиз? Ўзингизнинг фикрингиз қандай, нима учун шундай бўлди деб ўйлайсиз? (кулиб) Майли, айтишим мумкинки, биз ротацияга қўл урдик. Иззатулла ўтган ўйинларда жуда кўп куч йўқотганди, шу боис уни асраб, иккинчи бўлимда ўйинга туширишга қарор қилдик. Афсуски, биз киритган захира ўйинчилари ўйинимизни кучайтира олмади. "Олимпик МобиУз"да эса аксинча, захирадан тушганлар ўйинни кучайтирди. Футболда шундай бўлиб туради — кеча "Нефтчи" ҳам, "Насаф" ҳам ютқазди. Шундай экан, "Олимпик МобиУз"ни ишончли ўйин ва ғалаба билан табриклашдан бошқа иложимиз йўқ.
— Марк Красновнинг бугунги ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Краснов ҳақида нима дейишим мумкин... Адашмасам, у бу мавсумда биринчи ёки иккинчи бор асосий таркибда майдонга тушди. Балки об-ҳавонинг иссиқлиги ҳам таъсир қилгандир, россиялик футболчи учун бундай шароитда ўйинга киришиб кетиш қийин бўлди. Тўпни сақлаб қолиш керак бўлган эпизодларда пас бериб юборди. Хуллас, ўйини биз режалаштиргандай чиқтмади. Лекин бундай ҳолатлар учраб туради.



